1

Тошкентда 248 кишини "машина олиб бераман" деб алдаб, 12 млрд. сўмга "ухлатган" фирибгарлар суд залида ҳам "томоша қўйди" (видео)

ЖАМИЯТ 31.03.2023, 09:30
Тошкентда 248 кишини "машина олиб бераман" деб алдаб, 12 млрд. сўмга "ухлатган" фирибгарлар суд залида ҳам "томоша қўйди" (видео)

Тошкентда 248 кишини 12 млрд. сўмга чув туширган 4 нафар фирибгарга ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати хабар қилди. Суд залида фирибгарлар томонидан "томоша" ҳам қўйилди.

"Замон" дастурида эълон қилинган лавҳаларга кўра, фуқароларга машиналарни автокредитлар орқали олиб беришни ваъда қилиб, боплаб лақиллатган фирибгарлар суд залида ҳам каттагина "томоша қўйиб", бақир-чақир қилишган. Нексия-3, Кобальт, Жентра ва Исузу учун пул берган фуқаролар машина ўрнига машмашаларга дуч келишади. Пулни олганлар эса ғойиб бўлади. Суд залига йиғилган жабрдийдалар эса ўз пулларини талаб қилишди, бунга жавобан эса судланувчилар томонидан турли важлар айтилиб, бақир-чақир қилинди. 

Маълум қилинишича, Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг ҳукми билан ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а,в” бандилари, 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми “а,б” бандлари ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) да назарда тутилган жиноятларни содир этган 29 ёшли йигит 9 йил 6 ой, 26 ёшли йигит 9 йил ва ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а,в” бандилари, 228-моддаси 2-қисми “а,б” бандлари, 243-моддаси, 277-моддаси (безорилик) 2-қисми “а,б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этган 27 ёшли йигит 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.  

30 ёшли судланувчи қиз эса ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “в” банди ва 228-моддаси 2-қисми “а,б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1