АсосийJinoyat

⚡️"Аёлнинг эри Умра зиёратида бўлган". Тошкентда ўзини уч боласи билан бирга 9-қаватдан ташлаган 27 ёшли аёл бўйича тафсилотлар очиқланди

'⚡️"Аёлнинг эри Умра зиёратида бўлган". Тошкентда ўзини уч боласи билан бирга 9-қаватдан ташлаган 27 ёшли аёл бўйича тафсилотлар очиқланди'ning rasmi

Куни кеча Сергелида аёл 3 нафар фарзанди билан ўзини 9-қаватдан пастга ташлагани ҳақида хабар берилган эди.

Хабар асосида Бош прокуратура ҳамда Тошкент шаҳар прокуратура раҳбарияти бошчилигидаги тезкор-тергов гуруҳи томонидан воқеа жойи кўздан кечирилиб, текшириш ҳаракатлари олиб борилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Аниқланишича, 3 апрель куни соат 19.20 ларда Сергели тумани 8-мавзедаги кўп қаватли уйда яшаб келган аёл (1996 й.т.) икки нафар ўғли ва бир нафар қизини қасддан ўлдириш мақсадида, 9-қаватдан бирин-кетин деразадан ташлаб юбориб, сўнгра ўзи ҳам ойнадан сакраб ўз жонига қасд қилган.

Оқибатда барчаси ҳодиса жойида вафот этишган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97- (Қасддан одам ўлдириш) ва 103- (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Олинган маълумотларга кўра, марҳума аёл Тошкент вилояти Зангиота туманида турмуш ўртоғи билан истиқомат қилган хонадонда 2022 йил октябрь ойида ёнғин содир бўлганлиги сабабли 3 нафар фарзанди билан бирга онасининг Сергели 8-мавзесидаги уйига келиб, улар билан бирга истиқомат қилиб келган ҳамда ушбу ҳолатлар унинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатган.  

Шунингдек, марҳуманинг турмуш ўртоғи ҳозирда "Умра" зиёрати мақсадида Саудия Арабистонида эканлиги аниқланган.    

Тергов гуруҳи томонидан ушбу фожеанинг барча эҳтимолий сабабларини синчковлик билан текшириш мақсадида қатор тергов тахминлари ишлаб чиқилган.

Хусусан, оилавий келишмовчилик, марҳумада кузатилган руҳий ўзгаришларга олиб келган сабаблар, ўз-ўзини ўлдириш даражасига келтириш ва бошқа тахминларнинг барчаси дастлабки тергов жараёнида батафсил текширилади.         

Ҳозирда мазкур иш бўйича Жиноят кодексининг 97- (Қасддан одам ўлдириш) ва 103-моддаси (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

    Бошқа янгиликлар