Агар тутаётган рўзангизнинг савобини кўпайтиришни истангиз, Рўза ибодатингизга руҳ киритмоқчи бўлсангиз, унда рўзанинг суннатларига амал қилинг....
Улардан биринчиси – ҳатто бир ҳўплам сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилиш баракадир. Уни бир қултум сув ичиб бўлса ҳам тарк этманг. Чунки Аллоҳ ва Унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга салавот айтадилар”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
- иккинчиси – ифторликни вақти кириши билан тезлаштириш. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (шом) намозини ўқимасдан аввал бир неча хўл хурмо билан, агар хурмо хўл бўлмаса, хурмо қоқиси билан, агар у ҳам бўлмаса, бир неча хўплам сув билан оғиз очар эдилар” (Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
- учинчиси – ифторликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларини қилиш.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оғзини очсалар: “Заҳабаз зомау вабталатил урууқ ва сабатал ажру, иншааллоҳ”
“Чанқоқ кетди ва томирлар ҳўлланди ва иншааллоҳ ажр собит бўлди”, деб айтардилар (Абу Довуд ривояти).
- тўртинчиси – рўзадорларга ифторлик қилиб бериш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким рўзадор кишига ифторлик қилиб берса, у кишига ҳам рўза тутганнинг ажридек савоб берилади. Бу билан рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
- бешинчиси – Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлиш.
- олтинчиси – Қуръони каримни кўпроқ тиловат қилиш.
- еттинчиси – дуо, садақа қилиш, яхшиликка чақириш, ёмонликлардан қайтариш, беморларни зиёрат қилиш, қавм-қариндошлар билан силаи раҳмни боғлаш.
Рамазон ғанимат ойидир. Бу ой иймонни кучайтириш, Жаннатни қўлга киритиш ҳамда дўзахдан омонда бўлиш учун имкониятдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазон кирса-ю, сўнгра ой чиққанда гуноҳи мағфират қилинмаган кимсанинг бурни ерга ишқалансин”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло бу ойнинг фазилатларидан тўлиқ баҳраманд этсин. Рамазондан гуноҳлардан покланган ҳолда чиқимизга тавфиқ берсин!
Манба: muslim.uz