project.gov.uz порталида эълон қилинган ҳужжатга кўра, МТРК таркибидаги “Маданият ва маърифат” телеканали ёпилиб, ўрнига Маданият ва туризм вазирлиги тасарруфидаги "Карвон" номли телеканал ташкил қилиш режалаштирилмоқда. Хабар тармоқларда турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Бир гуруҳ зиёлилар телеканал ёпилишини танқид қилиб чиқди.
Фахриёр, шоир:
МТРКга қарашли “Маданият ва маърифат” телеканалини “Карвон” телеканали сифатида қайта тузиш ва уни Маданият ва туризм вазирлигига ихтиёрига ўтказиш ҳақидаги президент қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилибди. Қарор лойиҳасига таклиф сифатида киритилган айрим ва арзимас ўзгаришлар ҳисобга олинмаса, ғишт деярли қолипдан кўчиб бўлган. Номига қараганда, каналнинг формати бутунлай ўзгариб кетади. Мени ҳайрон қолдираётган нарса шуки, нега айнан бунинг учун “Маданият ва маърифат” телеканали қурбон қилинмоқда? Ахир, МТРКнинг тўлақонли канал сифатида шаклланган, кўрсатувлари кўришга арзирлик фақат шу канали бор-ку. Агар Маданият ва туризм вазирлигига канал керак бўлса, МТРКнинг номини айтмаса, на юзи ва на тайинли кўрсатуви бор каналлари кўп эди-ку. Улардан бирортаси, ҳатто иккитаси ўша вазирликка бериб юборилса ҳам, ҳеч нарса ўзгармайди. Бугунги жамиятимизнинг жуда кўп муаммолари “Маданият ва маърифат” сингари маърифий телеканаллар йўқлиги, ҳамма экрандан на миллат келажагини, на ёшлар тарбиясини ўйламай, “соққа қилиш”га ўтиб кетгани билан боғлиқ. Шунинг учун “Маданият ва маърифат” телеканалини сақлаб қолиш шарт, деб биламан.
Шодмонқул САЛОМ, “Дўстлик” ордени соҳиби, шоир:
Манфаатлар тўқнашувида маънавият қурбон бўлмаслиги керак!
“Карвон” телеканалини ташкил этиш қарорининг лойиҳаси билан танишиб чиқдим. Мазкур янги телеканал айни дамда фаолият юритиб турган “Маданият ва маърифат” негизида ташкил этилиши мўлжалланган. Қизиқ-қизиқ ишлар кўп бўлиб турадиган ҳаётимизда бу янгилик ҳам одатий, бепарво қабул қилиниши мумкин. Бироқ шу халқнинг, шу мамлакатнинг яхши-ёмонига бефарқ бўлмаган ҳар бир одамни бу ҳаракат сергак қилиши керак. Маданият ва туризм вазирлиги тасарруфига ўтиши ва шу билан бой тарихимиз ва маданиятимизни тарғиб этишни кўзлаган янги “Карвон” телеканалини ташкил этиш зарур бўлса, нега “Маданият ва маърифат” телеканалини қурбон қилиш эвазига бу ҳодиса содир бўлиш кераклиги мени ажаблантирди. Агар шундай қилиш лозим бўлса, янги телеканал очиш ёки савиясизлик ва маданиятимизни ерга уришгагина хизмат қилаётган бошқа каналлар ҳисобига буни амалга ошириш мумкин. Ҳа, ростдан ҳам шундай қилиш ҳукумат учун жуда осон ва халқ учун фойдалироқ.
Бу гапимни ўқиган киши халқнинг талаб ва эҳтиёжлари, замонавий дунё стандартлари деган эътирозларни ҳам айтиш мумкин, бироқ айнан шундай қилинса — мавжуд “Маданият ва маърифат” телеканалига эҳтиёж жуда каттадир. “Маданият ва маърифат” телеканали ташкил этилганига эндигина 10 йил тўлди. Бироқ канал ўтган қисқа вақтда шу қадар катта ишларни амалга оширдики, буни бир зиёли, бир томошабин сифатида эътироф этаман. Биринчи навбатда ушбу телеканал халқнинг ичига кириб борди. Одамларнинг дид ва савиясини кўтаришдек муҳим вазифани ўз елкасига олди ва собитлик билан адо этиб келмоқда. Телеканал ўз дастурларида миллий маданиятимизнинг соф манбаларини, уларнинг дунёвий аҳамиятини бор бўй-басти билан кўрсата олди. Санъат, адабиёт, тарих, халқ ҳунармандчилиги каби халқимиз маданияти ва маърифатини қамраб олган барча жабҳаларни кенг ёритди. Юзлаб, минглаб қаҳрамонларни, халқ ичидаги фидойи инсонларни кашф этди. Ва уларнинг дунёга чиқишига сабабчи бўлолди. Каналда бериладиган сериаллардан тортиб, миллий ва жаҳон санъатининг дурдоналари бўлган қўшиқларгача фақат ва фақат халқимизнинг фойдасига хизмат қилгани ҳам бор гап.
Биз нимани истаяпмиз ўзи? Бизга миллийлик, ўзликни англаш учун тарих, адабиёт керак бўлмаса, нима керак? Нима бизни асраб қолади? Фақат шоу-бизнес билан эҳтиёжлар қондирилмаслигини, аксинча ҳозирги пайтда одамларимизнинг феъл-атворидаги ўзгаришларга телеканаллар ҳам катта ҳисса қўшаётганини наҳотки тушуниш қийин. Шундай экан, халққа хизмат қилиб турган, миллионлаб томошабинлар дастурларини интиқ бўлиб кутадиган “Маданият ва маърифат” телеканалига дахл қилиш ўзимизга — ёшларимиз келажагига душманлик бўлади. Буни тушуниш керак. Манфаатлар тўқнашуви учун маънавият, маданият қурбон қилинмаслиги шарт! Бу қарорни қабул қилаётган ҳар бир раҳбар, унга фикр билдираётган жамият кишилари вазиятга панжа орасидан қарамасликлари зарур.
Ботиржон ЭРГАШЕВ, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари:
Ижтимоий тармоқларда “Маданият ва маърифат” телеканали структураси ўзгариши, янаям ўзбекча қилиб айтсам, ёпилиши ҳақида гап-сўзлар кўпаймоқда. Агар бу гаплар ҳақиқат бўладиган бўлса, бунга ҚАРШИМАН! Бу канал айни пайтда юртимиздаги энг бамаъни канал. Унда адабиётимиз, маданият ва маърифатимиз юқори даражада тарғиб қилинади. Уни ёпиш эмас, аксинча унинг фаолиятини янада ривожлантириш керак.
Нажмиддин ЭРМАТОВ, “Ўзбекистон тарихи” телеканали муҳаррири:
Адабиётни, илм-фанни таниган одам ЎЗЛИК сари йўл қидиради, бундай йўлга тушган кишининг туйғулари, тафаккури тиниқлашади, энди у “берсанг ейман, урсанг ўламан”, деб яшолмайди, занжирларни шиқирлатиб одимлашдан бош тортади. Энди у омманинг бир вакили эмас, энди у шахс! Аммо тарих кишиларнинг бундай йўлдан қайтарилганига кўп бор гувоҳ бўлган. Кўп бора одамлар “орзулар оҳангида” аллалаб келинган. Эски ақида – тонгда уйқунгни бузган хўрозни сўйиш ўнғай... Неча йилдирки, “Маданият ва маърифат” телеканали миллат ойдинлари учун кўп ишлар қилди – ЎЗЛИК сари ундади. Телеканал ижодкорлари томонидан тайёрланган теледастурлар кишини ичига қарашга, зинама-зина юқорилашга ундади. Замонимизда тўртта артистнинг лик-ликıю одамларнинг маиший муаммолари сари пастламаган, гарданидаги асл вазифасини англайдиган саноқли телеканаллардан бири шу канал, саноқли ижодкорлар манзили шу жой эди. Бироқ шу кунларда телеканалнинг ёпилиши, унинг негизида Маданият ва туризм вазирлиги тасарруфидаги “Карвон” телеканалининг очилиши ҳақидаги қарор лойиҳасининг тарқалгани кўнгилга хижиллик индирди. Қарор лойиҳасини синчиклаб ўқиб кўрсангиз унда на китоб, на китобхонлик, на таълим-у илм-фан, на миллатнинг олим-у зиёлилари ҳақида гап бор, “таниқли устоз санъаткорлар”нинг алоҳида кўрсатилганлиги эса чин. Аслида, қарор бандлари ҳақда бирма-бир сўз юритилса, яна кўпгина саволлар туғилади...
Асосий муаммо эса шўролар замонида “индийски” киноларга кўз ёш тўккан элнинг бугунги авлодини ўзимизнинг артистлар-у сериаллар томошаси билан андармон қилишга ҳаракат ҳадигида... “Частний” каналларни эгаллаб олган кўпикчиларга қўлида машъала тутган яна бир телеканални топшириб қўйиш қўрқувида... “Карвон” телеканалини ташкил этиш мақсади эзгудир, аммо менингча, бу мақсадга миллатни ЎЗЛИККА ундаган телеканални “чопиш” орқали борилмаслиги керак. Хўроз уйқуни бузмайди, ғафлатда ётган одамни уйғотади. Уни сўйманг!!!
Гулжамол АСҚАРОВА, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси мутахассиси, шоира:
Маърифат ҳам керакмасми энди? Карвончиликми энди буёғи, тижорат, туризмми? Ўз вазифасини ўтамаётган ижодий, маънавий йўналишдаги ташкилотларнинг ямоғини ҳам ямаб, ҳам адабий дидни парваришлаб турган бу канал ўз ўрнида қолиши керак.
Фозил ФАРҲОД, Ёзувчилар уюшмаси раисининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби:
Зиёлилар, “Маданият ва маърифат” телеканалини сақлаб қолайлик! Бугун ўқиган энг ёмон хабар шу бўлди. Нима бўляпти ўзи? 2022 йили “Дунё бўйлаб” телеканали тўлиқ рус тилига ўтганди. Зиёлиларнинг қаршиликлари ҳам фойда бермади. Энди эса бу гап. Одам ғалати бўлиб кетяпти. Қарор лойиҳасида телеканал туризмга бағишланиши айтилган, у ерда адабиёт ҳақида ҳеч гап йўқ. Модомики, сайёҳликка оид канал керак экан, ана, “Дунё бўйлаб”ни олишсин ёки янги телеканал очишсин.
Телеканал, мана, 10 йилдирки, адабиёт, санъат, маданият ва маърифатни юксак даражада тарғиб қилиб кетмоқда. Телеканалнинг “Мен билган ҳақиқатлар”, “Дунё адабиёти”, “Қақнус”, “Академик соат”, “Бирлагикда ўқиймиз”, “Фикрлаётган одам”, “Тонг нафаси”, “Бобо сўз”, “Мақом”, “Бахшиёна”, “Тақвим”, “Умр дафтари”, “Тундаликлар” сингари кўрсатувлари севимли дастурларимизга айланди. Бу каби кўрсатувлар қанча-қанча зиёлиларимизни, ёш ёзувчи ва шоирларимизни кашф этди, уларни халқимизга таништирди. Агар бу лойиҳа шу тарзда амалга ошса, миллат адабиёти, санъати, маданияти илдизига болта урилади. Ўйлайманки, юқори ташкилотларда ишлайдиган кишилар, бу ишга масъуллар бунга йўл қўймайди. Миллатнинг бир адиби, давлатнинг бир фуқароси, телеканалнинг бир томошабини сифатида бундай қилинишига, “Маданият ва маърифат” телеканали ёпилишига мутлақо қаршиман.
Насрулло ЭРГАШ, шоир:
“Маданият ва маърифат” телеканали – ТВда энг муҳим ва кўришга арзийдиган канал! Нега энди айнан у?! Шевабозликка асосланган, она тилини асраб-авайлаш ўрнига уни бузишга хизмат қилаётган каналлар қалашиб ётибди-ку. “Cоcо-cола” сингари зарарли ичимликларни ҳар дақиқа минг мартадан реклама қилиб одамнинг асаби ва умрини эговлаётган каналлар озми... “Маданият ва маърифат” телеканали зиёлилар кўрадиган канал экани рост. Аммо у зиёлилардан кўра халққа кўпроқ керак! Айнан у китоб ўқишга анчайин эринчоқ халқимиз тафаккурини юксалтиришга хизмат қилаётган эзгу қуроллардан бири экани рост. Агар у ёпиладиган ёки МТРКдан олиниб вазирликка ўтказиладиган бўлса оддий тарғибот ва ташвиқот каналига айланиб қолмайдими? Мен бир ўзбек, шу юртнинг фарзанди сифатида “Маданият ва маърифат” телеканали доимий фаолият юритишини хоҳлар эдим.
Темурхон ЖАҲОНГИР, археолог, ёш олим:
“Дунё бўйлаб”ни бузишди. Энди “Маданият ва маърифат”га келдими навбат? Зиёли қатлам кўрадиган канални ёпишдан ким манфаатдор? Савияси паст сериал ёки шоу қўймагани учун ёпиляптими? Ёки маънодор шеърлар бергани учунми? Биз ростдан ҳам ренессанс хоҳлаймизми йўқми? Шуни ўзимиз учун аниқлаб олишимиз керак.
Умид АЛИ, ёзувчи:
“Маданият ва маърифат” телеканали теле дорулфунундир. Ўн йил мобайнида онг-у шууримизга, қалбимизга, руҳимизга зиё, нур таратиб келди. Маънавий онгимизни юксалтирадиган, фасоҳат-у заковатимизни бойитадиган, маънавий жавоҳирот улашадиган бу каби телеканал жуда саноқли. Мен бу канални китобнинг телевизион шамойили деб биламан. Китобга бўлган муносабат, китобхонлик мамлакатимизда сиёсат даражасига чиққан бир пайтда бу каби фойдали каналларнинг ёпилиши маънавий ҳалокатдан бошқа нарса эмас.
Эслатиб ўтамиз, Маданият ва маърифат телеканали Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 30 июлдаги қарори асосида ташкил этилган, МТРК тизимидаги маданият, санъат, адабиётга оид кўрсатувларга ихтисослашган ягона телеканални нима сабабдан ёпиш режалаштирилаётгани очиқланмаган.