9-апрел – Соҳибқирон Амир Темур туғилган кун. Бугун буюк соҳибқирон, адолат ва қудрат соҳиби Амир Темур таваллудига 687 йил тўлди.
Шу муносабат билан бугун, 2023 йил 9 апрель куни соат 09:30да Амир Темур хиёбонида катта тадбир ўтказилади. Соҳибқирон ҳайкали пойига гул қўйилади.
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Республика маънавият ва маърифат маркази барчани ушбу маросимга таклиф этмоқда.
Амир Темур, Темур, Темурбек (тўлиқ исми Амир Темур ибн Амир Тарағай ибн Амир Барқул) (1336 йил, 9 апрель Шаҳрисабз, Кеш шаҳри яқинидаги Хўжа Илғор қишлоғи(ҳозирги Яккабоғ тумани)да туғилган ва 1405 йил, 18 февраль Хитойга юриши чоғида Ўтрор шаҳрида вафот этган. Амир Темур ўрта асрнинг йирик давлат арбоби, буюк саркарда, кучли, марказлашган давлат асосчиси, илм-фан ва маданият ҳомийси ҳисобланади.
Амир Темурнинг онаси Такина хотун бухоролик. Отаси амир Тарағай эса барлос уруғининг оқсоқолларидан ҳамда Чиғатой улусининг эътиборли бекларидан ҳисобланган.