АсосийJamiyat

Жаҳон банки Ўзбекистонга пенсия ёшини 65 га оширишни тавсия қилди

'Жаҳон банки Ўзбекистонга пенсия ёшини 65 га оширишни тавсия қилди'ning rasmi

Жаҳон банки экспертларининг қайд этишича, пенсия ёшини ошириш пенсия тизими ва давлат молиявий барқарорлигини таъминлашга ёрдам беради.

Тавсиялар Жаҳон банкининг “Ўзбекистонда давлат харажатларини кўриб чиқиш: инсон капитали ва сув инфратузилмасига сарфланган маблағлар самарадорлигини ошириш” ҳисоботида келтирилган.

Ҳисоботда қайд этилишича, мамлакатдаги демографик ўзгаришлар ва кексалар сонининг кўпайиши пенсия тизимига босим ўтказмоқда ва шу сабабли уни ислоҳ қилиш зарурати туғилади.

“Ўзбекистон собиқ Совет Иттифоқидаги  пенсия ёши аёллар учун 55, эркаклар учун 60 ёшни ташкил этадиган ягона республика бўлиб қолмоқда. 1990 йиллардаги ўтиш даври ислоҳотларида кўплаб мамлакатлар пенсия ёшини 2-3 йилга оширдилар. 2000 йилларнинг иккинчи ўн йиллигида ўсишнинг иккинчи тўлқини бошланди, чунки мамлакатлар узоқ вақтдан бери кечиктирилган пенсия ёшидаги ислоҳотларни бошладилар (Украина, Беларусия, Россия). Илгари пенсия ёшини оширган мамлакатлар ушбу босқичда аёллар ва эркакларнинг пенсия ёшини босқичма-босқич тенглаштиришга алоҳида эътибор қаратдилар (Озарбайжон, Арманистон, Молдова, Литва, Қозоғистон). Эстония, Латвия, Литва ва Озарбайжонда аёллар ва эркаклар учун пенсия ёши 65 ёшга кўтарилади”, — дейилади ҳисоботда.

Пандемия ва юқори ишсизлик даврида пенсия ёшини оширишни бошлаш мақсадга мувофиқ эмаслиги таъкидланган. Бироқ, қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб уни амалга ошириш бошланишигача, пенсия ёшидаги ходимларга ўзларининг ҳаёт режаларини ўзгартиришлари учун мослашиш учун вақт бериш тавсия этилади.

Жаҳон банки экспертлари 2025 йилдан бошлаб пенсия ёшини секин (йилига 3-4 ой) 65 ёшга оширишни назарда тутувчи 2021-2030 йилларга мўлжалланган Миллий ижтимоий ҳимоя стратегияси доирасида қарор қабул қилиш энг яхши вариант бўлишини қайд этишган. 

 

    Бошқа янгиликлар