Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 апрель куни бўлиб ўтган тантанали маросимда фавқулодда ва мухтор элчилар - Фаластин Давлатидан Жавад Аввад, Япониядан Хатори Такаши, Қатар Давлатидан Ҳасан Ҳамза Ҳошим, Словакия Республикасидан Виктор Борецки ва Покистон Ислом Республикасидан Аҳмад Фарукнинг ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимизга янги тайинланган дипломатик миссиялар раҳбарларини самимий қутлаб, Ўзбекистондаги фаолиятини бошлагани билан табриклади.
Президентимиз ўз нутқида зиддиятлар ва можаролар кескинлашиб бораётган мураккаб халқаро вазиятда барча мамлакатлар билан ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган ташқи сиёсатни амалга оширишнинг аҳамияти тобора ортиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
- Халқаро ҳамжамият учун янада очиқ ва самимий ҳамкор бўлишга астойдил интиламиз. Бунинг учун бизда сиёсий ирода, қатъият, энг муҳими, имконият ва етарли салоҳият бор, - деди Президент.
Маросим давомида давлатимиз раҳбари янги элчилар вакиллик қилаётган мамлакатлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларига алоҳида тўхталиб ўтди.
- Ўзаро манфаатли алмашинувларни ривожлантириш учун Фаластин давлат ташкилотлари ва хусусий бизнес вакилларининг мамлакатимизга ташрифларини ташкил этиш таклиф қилинди.
- Режалаштирилган кўп томонлама тадбирлар, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик, шунингдек, “Марказий Осиё – Япония” мулоқоти Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги шерикликни изчил давом эттиришда муҳим аҳамиятга эгалиги қайд этилди.
- Бўлажак Ўзбекистон-Қатар саммити икки мамлакат муносабатларини сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқиш сари тарихий қадам бўлишига ишонч билдирилди.
Таъкидланганидек, энергетика, қазиб чиқариш, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, экологик туризм ва фармацевтика соҳаларидаги йирик қўшма лойиҳалар савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга бўлади.
- Ўзбекистон Словакияни Европа Иттифоқида салмоқли иқтисодий салоҳиятга эга истиқболли ҳамкорларидан бири сифатида қабул қилади.
Ўзбекистон инвестиция соҳасида, шу жумладан тиббиёт, фармацевтика ва кимё тармоқларининг етакчи компаниялари билан биргаликда аниқ лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор.
- Афғонистонда иқтисодий тикланишга кўмаклашиш борасидаги қўшма саъй-ҳаракатлар, шу жумладан Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини тезда бошлаш Жанубий ва Марказий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.Давлатимиз раҳбари Покистон томонига БМТ шафелигида Афғонистон бўйича халқаро музокара гуруҳини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.
Сўзининг якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти янги тайинланган хорижий дипломатик миссиялар раҳбарларига масъулиятли фаолиятида муваффақиятлар тилади.
Тадбир доирасида ҳар бир элчи билан қисқа суҳбат бўлиб ўтди. Чет эллик дипломатлар улар вакиллик қилаётган мамлакатлар етакчиларининг Ўзбекистон раҳбари ва халқига самимий саломи ва эҳтиромини етказди. Юртимизда уларнинг дипломатик фаолиятига яратилган шароитлар ҳамда бугунги тадбирда кўрсатилган илиқ қабул ва алоҳида эътибор учун чуқур миннатдорлик билдирди.
Элчилар Президентимиз томонидан илгари сурилган аниқ таклиф ва ташаббуслар ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришда улкан амалий аҳамиятга эга эканини ҳамда Ўзбекистон билан кенг кўламли ҳамкорлик ва самарали шерикликни янада ривожлантиришга бор куч-ғайрати ва тажрибасини ишга солишга тайёрлигини таъкидлади.






