Жорий йилнинг 10 апрель куни Президент томонидан имзоланган Қонун билан “Истеъмол кредити тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш киритилди. Бу ҳақда аввал хабар берган эдик.
Қонунчилик палатаси депутати Гулшана Худаярова Darakchi.uz'га берган интервьюсида қабул қилинган янги тартиб ҳақида бафуржа гапирди.
Асосий ўзгаришлар нимада?
Бунгача истеъмол кредитлари фақат маҳаллий автомобиллар, маиший техника, товарлар ва хизматлар учун берилар эди. Эндиликда эса, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган маҳсулот ва хизматлар учун ҳам кредит ажратишга рухсат берилди. Қонун билан истеъмол товарлар, хизматларни сотувчи, ишлаб чиқариш корхонаси ёки ташкилотини истеъмол кредити олган истеъмолчи тўғрисида олдинда ёзма хабардор қилиш тартиби ҳам бекор қилинади.
Қонун қачондан кучга кирди?
Бундан ташқари аввал жисмоний шахслар бошқа фуқаролардан, масалан, иккиламчи бозорда автомашина сотиб олиш учун истеъмол кредети ололмагани боис ўз хизматлари учун комиссия олгани учинчи шахс сифатида юридик шахсни битимга киритишга мажбур бўларди. Эндиликда эса, қонун билан молиявий истеъмол кредити бериш, истеъмол товарлари, хизматларини ишлаб чиқарувчининг ёки реализация қилувчи субектнинг юридик ёки жисмоний шахснинг банкдаги ҳисобварағига банк ёхуд бошқа кредит ташкилоти томонидан пул маблағларини ўтказиш йўли билан амалга оширилади. Бунда молиявий истеъмол кредитининг нақт пулда берилишига йўл қўйилмайди. Қонун 11 апрелдан эътиборан кучга кирди.
"Яширин иқтисодиёт улушини қисқартиради"
Марказий банкнинг маълумотларига кўра, кейинги уч йилда аҳолига миллий валютада ажратилган кредитлардан мақсади белгиланмаган кредитлар тоифасига кирувчи микро қарз 2020 йилда 5,8 триллион сўмни, 2021 йилда қарийб 1,7 баробарга ўсиб, 9,9 триллион сўмни ташкил этган. 2022 йилда эса 21,6 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан ўсиш сурати 2,2 баробарга етди.
Хусусан, жисмоний ва юридик шахслар томонидан сотиладиган товарлар, хизматлар, шунингдек, Ўзбекистонга ташқаридан келтирилган товарлар хизматлар учун молиявий истеъмол кредитларини бериш имкониятини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши аҳоли истеъмол кредитларини расмийлаштиришда енгилликлар яратилишига, мамлакатда маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизматлар кўламининг кенгайишига, ундан ташқари рақобатбардошликни оширишга, манаполияга қарши курашиш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартирилишига хизмат қилади.






