13 апрель куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон томони раислигида Афғонистонга қўшни давлатлар вазирларининг учрашуви бошланганлигини маълум қилган эдик.
Тадбирда Ўзбекистон, Эрон, Хитой, Покистон, Россия, Тожикистон ва Туркманистон делегациялари иштирок этди.
Учрашуви якунлари тўғрисида маълумот берилди.
- Форум давомида томонлар Афғонистондаги мавжуд вазият, ушбу мамлакатнинг амалдаги расмийлари томонидан жаҳон ҳамжамиятининг асосий талаблари – инклюзив ҳукумат яратиш, афғонистонлик аёлларнинг меҳнат ва таълим олиш имкониятини ҳамда миллий озчиликларнинг ҳуқуқларини таъминлаш каби асосий талабларнинг бажарилиши муҳокама қилинди.
- Афғонистон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш ва мамлакат миллий иқтисодиётини тиклашга қаратилган биргаликдаги ҳаракатлар механизмини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
- Халқаро терроризм, гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш ва уларнинг контрабандасига қарши курашда Афғонистонга қўшни давлатларнинг чора-тадбирларини кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.
- Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги минтақавий ўзаро боғлиқликнинг асосий омили сифатида Афғонистон салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш муҳимлиги қайд этилди.
- Афғонистон ҳудудида қўшни давлатлар иштирокида янги иш ўринлари яратиш, мамлакатнинг минтақавий иқтисодий жараёнларга янада фаол интеграциялашувга хизмат қилувчи инфратузилма ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш тарафдори эканликларини билдирдилар.






