Ижтимоий тармоқлар орқали жорий йилнинг 12 апрель куни Навоийда мактабдаги жанжалдан сўнг 17 ёшли ўқувчи бир дона игнани ютиб, кетидан кўп миқдорда дори ичгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси маълумот тақдим этди.
Аниқланишича, Хатирчи туманидаги умумий ўрта таълим мактабларининг бирида ўқиётган, вояга етмаган С.А жорий йилнинг 7 апрель куни соат 14:10 ларда яшаш ҳовлисида кўп миқдорда дори истеъмол қилиб, соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли, туман тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимига олиб келинган.
Беморнинг аҳволи оғирлашганлиги учун, у Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Навоий филиалининг “Жонлантириш” бўлимига кўчирилган. Бугунги кунда бемор кома ҳолатида бўлиб, шифокорлар томонидан унга даво муолажалари олиб борилмоқда.
Хатирчи туман прокуратураси томонидан ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.