АсосийDunyo

Макрон оммавий норозиликларга қарамай пенсия ёшини ошириш ҳақидаги қонунни имзолади

'Макрон оммавий норозиликларга қарамай пенсия ёшини ошириш ҳақидаги қонунни имзолади'ning rasmi

Франция президенти Эммануел Макрон мамлакатда узоқ давом этган норозилик намойишларига сабаб бўлган пенсия ёшини 64 ёшга кўтариш ҳақидаги қонунни имзолади, деб хабар бермоқда Reuters.

Касаба уюшмаларининг чақириқларига қарамай, 14 апрель, жума куни Франция Конституциявий кенгаши пенсия ёшини оширишни маъқуллади, шундан сўнг Макрон ҳужжатни имзолади. Қонун пенсия ёшини 62 ёшдан 64 ёшгача босқичма-босқич оширишни назарда тутади. У 2023 йил 1 сентябрдан кучга киради.

Мамлакат шимоли-ғарбидаги Ренн шаҳрида намойишчилар бу хабардан сўнг полиция бўлимига ўт қўйди. Ўз навбатида касаба уюшмалари ишчиларни 1 май – Меҳнат куни муносабати билан юришга чақирди.

11 март куни Франция Сенати қонун лойиҳасини қабул қилди. Парижда намойишларда ўн минглаб одамлар: касаба уюшмалари раҳбарлари, энергетика соҳаси ходимлари, транспорт ходимлари, шифокорлар, ҳамширалар, ўқитувчилар, ёшлар ва талабалар ташкилотлари вакиллари иштирок этди. 

Расмийлар намойишчилар билан курашиш учун 13 минг полициячини сафарбар қилган. Улардан 5,5 минг полициячи Парижга жалб қилинган.

 

    Бошқа янгиликлар