"Ўзгидромет" жорий ҳафта учун об-ҳаво маълумотини эълон қилди. Қайд этилишича, бугун ва эртага Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қуруқ, лекин салқин об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Фақат Фарғона водийси вилоятларида ва Сурхондарё вилоятида баъзи жойларда ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Айрим жойларда дўл ёғиши эҳтимоли бор. Чўл ҳудудларда ва Фарғона водийсида шамолнинг тезлиги 17-22 м/с гача кучайиши, баъзи жойларда чанг тўзон билан кузатилиши кутилмоқда. Кундузги ҳарорат 12-15 даража, республика шимолида 7-12 даража илиқ атрофида бўлади. Кечаси ҳарорат 2-7 даража илиқгача, шимолда баъзи жойларда 3 даража совуқгача пасаяди.
19 апрелдан бошлаб антициклон республика ҳудудидан чекина бошлайди ва иш ҳафтасининг охиригача Ўзбекистон бўйича қуруқ об-ҳаво кузатилади. Ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади ва 21 апрелга келиб кечаси 4-9 даража илиқни, кундузи 20-25 даражани ташкил этади.
Бугун сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.
Бугун ва ҳафта давомида пойтахтда: ёғингарчилик кутилмайди. Шамол 5-10 м/с тезликда эсади. Бугун ва эртага ҳаво ҳарорати 12-15 даража атрофида бўлади. Душанбадан сешанбага ўтар кечаси ҳарорат 2-4 даража илиқгача пасаяди.
19 апрелдан иш ҳафтасининг охиригача кечалари ҳарорат 4-7 даража илиқ атрофида бўлади, кундузи аста-секин кўтарилади ва жума кунига келиб ҳарорат 20-23 даражагача кўтарилади.






