17 апрелдан “Очиқ бюджет” порталида “Менинг йўлим” лойиҳасига таклиф қолдириш бошланди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, “Менинг йўлим” лойиҳасининг жорий йилги мавсуми учун 312 млрд сўмдан ортиқ маблағлар ажратилиши белгиланган.
Лойиҳа доирасида таклиф киритиш жараёни жорий йилнинг 27 апрел санасига қадар давом этади. Киритилган таклифлар учун овоз бериш жараёнлари 28 апрелдан 7 май кунига қадар ўтказилади.
Лойиҳада таклиф қолдириш учун:
- Очиқ бюджет порталига киринг;
- Ўнг томондаги “Кириш” тугмасини босган ҳолда шахсий кабинетингизга киринг;
- “Қўшиш” тугмасини босиб, “Менинг йўлим” бўлимини танланг;
- Таклиф қолдирмоқчи бўлган вилоятингиз, туман/шаҳар, МФЙ ва кўчани танланг;
- Бунда сиз таклиф киритилаётган йўлнинг фотосуратини ҳам юклашингиз мумкин;
- “Қўшиш” тугмасини босинг.
“Менинг йўлим” лойиҳаси туман (шаҳар) бюджетларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун режалаштирилган маблағларнинг камида 50 фоиз қисмини фуқаролар фикри асосида йўналтирилишини таъминлаш мақсадида ташкил этилган.






