Аввал хабар берганимиздек, Туркиянинг AnadoluJet компанияси томонидан Анқара ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри рейслар қўйилмоқда.
Бугун, 18 апрель куни маҳаллий вақт билан соат 05:11 да Туркиянинг AnadoluJet авиакомпанияси самолёти Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнди ва янги: Анқара — Тошкент — Анқара йўловчи йўналишини очди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар бермоқда.
Анъанага кўра, Boeing 737-800 русумидаги самолёт сув аркаси билан, экипаж аъзолари ва 160 нафар йўловчилар эса “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти раҳбарияти, Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси, Туризм ҳамда Транспорт вазирликлари ва авиакомпания вакиллари томонидан карнай ва сурнай садолари остида, гуллар билан тантанали равишда кутиб олинди.
Ушбу йўналишдаги рейслар ҳафтада бир марта — душанба кунлари мунтазам равишда амалга оширилиши режалаштирилган.
Маълумот учун: AnadoluJet — бош қароргоҳи Анқарада жойлашган, Turkish Airlines лойиҳаси бўлган турк авиакомпанияси. Авиакомпания паркида 59 та самолёт мавжуд бўлиб, улар 89 та йўналишда ички ва халқаро парвозларни амалга оширади.






