Қозоғистоннинг Қизилўрда шаҳридаги уйда юз берган портлаш қўшни уйнинг ташқи видеокамераларига тушиб қолди.
Воқеа жойига зудлик билан ўт ўчирувчи ва қутқарувчилар етиб келган. Улар портлашга эҳтимолий газ сизиб чиқиши сабаб бўлганини аниқлади. Уй ёниб, баъзи жойлари қулаб тушган. Олов яқин атрофдаги бинони қамраб олган.
Жароҳатланганлар орасида Ўзбекистон фуқароси ҳам борлиги аниқланди. У 1984 йилда туғилган Журабек Пўлатов экани маълум қилинди. Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар департаментининг хабар беришича, эркак оёқ-қўлларидаги 1-даражали куйиш билан шаҳар шифохонасига етказилган.
“Ўзбекистон фуқароси юзи, икки қўли ва иккала болдирининг айрим жойларидан термик куйиш жароҳатини олган. Беморнинг аҳволи ўртача оғирликда”, — дейилади кўп тармоқли шаҳар шифохонаси хабарида.
Воқеа жойида Табиий офатлар тиббиёти маркази, полиция ва газ таъминоти ташкилоти ходимлари ҳам ишлаган.






