Ижтимоий тармоқларда “Сурхондарё сув таъминоти” МЧЖ Бойсун туман бўлими ходимларига иш ҳақи берилмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан «Ўзсувтаъминот» АЖ расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, бугунги кунда вилоят бўйича ичимлик ва оқава сувдан дебитор қарздорлик 55 млрд 047 минг сўмни ташкил этмоқда. Шундан аҳоли қарздорлиги 52 млрд 247 млн сўмни, юридик ва бюджет ташкилотлар қарздорлиги 2 млрд 800 млн сўмни ташкил қилади. Бу эса жамият ишчи ходимларининг 22 ойлик ойлик иш ҳаққи фондига ёки 12 ойлик сув истеъмолига тенг.
Таъкидланишича, истеъмолчилар тўловларни ўз вақтида амалга оширмагани боис ташкилот ходимларига ойлик маош тўловларида кечикиш юзага келмоқда. Ҳозирда ушбу тўловларни амалга ошириш учун кредит маблағлари жалб қилинмоқда.
“25 апрелга қадар тизимда фаолият юритаётган ходимлар маоши 1 апрель ҳолатига тўлиқ тўлаб бериш чоралари кўрилмоқда”, — дейилади хабарда.






