АсосийDunyo

Ўзбекистон юридик кадрларни тайёрлашда Хитой билан ҳамкорлик қилади

'Ўзбекистон юридик кадрларни тайёрлашда Хитой билан ҳамкорлик қилади'ning rasmi

Ўзбекистон Хитой билан юридик кадрларни тайёрлашда ҳамкорлик қилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон элчихонаси ташаббускорлигида Чунсин шаҳридаги Хитой Жанубий – Ғарбий сиёсий фанлар ва ҳуқуқ университетида давра суҳбатида маълум қилинди, дея хабар бермоқда “Дунё” АА.

Тадбир Ўзбекистонда олий таълим соҳасида, хусусан, юридик кадрларни тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мавзусига бағишланган.

Учрашувда мамлакатда юриспруденсия мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш борасида Япония, Германия, Буюк Британия ва Хитой каби давлатларнинг тажрибалари ўрганилаётгани қайд этилди.

Хитой томони суҳбат давомида Тошкент давлат юридик университети билан ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаш ва унинг дорасида мазкур университетлар қошида Хитой ва Ўзбекистон ҳуқуқини ўрганиш марказларини ташкил этишга тайёр эканини билдирган.

Қайд этилишича, меморандумнинг имзоланиши келажакда ўзаро ҳамкорликда илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, қўшма таълим ва илмий дастурларни йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчилар ва ходимлар учун малака ошириш ва амалиёт ўташ дастурларида иштирок этиш учун кенг имкониятлар яратиши, шунингдек, талабалар алмашувини йўлга қўйиш, ҳамкорликда турли танловлар, конференсия, семинар ва давра суҳбатларини ўтказиш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

    Бошқа янгиликлар