АсосийJamiyat

Янги таҳрирдаги Конституцияда давлат фарзандлар олдида қандай бурчларни ўз зиммасига олмоқда?

'Янги таҳрирдаги Конституцияда давлат фарзандлар олдида қандай бурчларни ўз зиммасига олмоқда?'ning rasmi

Биз болажон халқмиз. Ҳар бир ота-она боласига энг яхши одоб-аҳлоқ, таълим-тарбия, билим-илм беришни, келажакда комил инсон бўлиб вояга етишини орзу қилади ҳамда ҳаётининг мазмуни деб билади. Шунинг учун ҳам янги таҳрирдаги Конституциянинг 78-моддасида давлат болажонларнинг бир қатор ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги бурчларини ўз зиммасига олмоқда. 

Баъзи ота-оналар бу борада амалдаги Конституцияда моддалар бор эдику, энди яна қандай янги нормалар киритилмоқда,  дея қизиқиб фикр билдиришмоқда. 

Дарҳақиқат, амалдаги Конституциянинг 64-моддасида ота-оналар фарзандларининг вояга етгунига қадар боқиши ва тарбиялаши мажбурияти,  65-моддасида фарзандлар ота-оналарининг насл-насабидан ва фуқаролик ҳоталидан қатъий назар, қонун олдида тенглиги ҳуқуқи белгилаган эди. Лекин давлатнинг бу ҳуқуқни таъминлаш бўйича мажбуриятлари, оталик ҳуқуқи муҳофазаси, ёшларда миллий қадриятларга содиқлик, ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилиши белгиланмаган эди.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 78-моддасининг биринчи “Фарзандлар ота-онасининг насл-насаби ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”қисмига илк маротаба янги иккинчи қисм “Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбуриятидир” дея қўшимча киритилмоқда. Бу норма ўз навбатида шиддат билан ривожланиб бораётган глобаллашув даврида болажонларимизнинг ҳам маънавий ҳам жисмоний жиҳатдан соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишига хизмат қилади.

78-модданинг учинчи қисмида илк маротаба нафақат оналик ва болалик, балки оталик ҳуқуқлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши белгиланмоқда. Бу қисм ҳам ўта муҳим қадам бўлиб, фарзанд тарбиясида шарт-шароитдан қатъий назар ҳам ота ҳам она бирдек масъул эканлиги белгиланмоқда. Бу эса боланинг оилада тўлиқ эътиборда бўлиши ва ўксинмасдан меҳр-оқибат муҳитида улғашига хизмат қилади

Бу модданинг тўртинчи қисмида “Давлат ва жамият болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни, мамлакатидан ҳамда халқнинг бой маданий меросидан фахрланишни, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилиш” каби серқиррали масъулиятни олмоқда. Бу норма ўз навбатида болажонларимизни ёшлигидан онгу-тафаккурини миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида тарбиялаш, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш ва ҳаётда ўз ўрнини топа олишига хизмат қилади. 

Бу каби ўхшаш нормалар Бельгия, Греция, Грузия, Польша, Италия, Туркия, Финляндия, Хорватия каби давлатлар конституцияларида ўз аксини топган.

Хулоса қилар эканмиз, мамлакатимиз болаларнинг ижтимоий, маънавий ва ахлоқий фаровонлигига, шунингдек, уларнинг жисмоний ва руҳий соғлом бўлиб ривожланишига кўмаклашиш мақсадида ўзининг халқаро мажбуриятларни тўлиқ бажармоқда ва мазкур мажбуриятларга содиқлигини билдирган ҳолда, мазкур янги нормалар конституциявий даражада мустаҳкамламоқда. 

 

Феруза Усарова,
 ЎзР ФА ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи маркази директори, 
сиёсий фанлар номзоди, доцент

    Бошқа янгиликлар