АсосийJamiyat

Янгиланаётган конституцияга кўра шахсларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи кенгаймоқда

'Янгиланаётган конституцияга кўра шахсларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи кенгаймоқда'ning rasmi

Ўзбек жамиятда маҳалланинг роли беқиёс. Тўй-тадбирлар, марака, ҳашар, яхши ва ёмон кунларимизда маҳалла аҳли ёнимизда бўлади. Маҳалла азалдан одамларнинг ўз дардини айтадиган, муаммосига ечим топадиган маскан бўлиб келган. Аксарият ҳолларда оила аъзолари ва қариндошлар ўртасидаги ҳал бўлмаган муаммолар ҳам маҳалла орқали ўз ечимини топади.

Қонунчилигимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳатто муайян ишончномаларни тасдиқлаш, нотариал ҳаракатларни қайд этиш, васиятномаларни тасдиқлаш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш каби муҳим ваколатлар берилганлиги уларнинг кундалик ҳаётимизда нақадар муҳим ўрин тутишини англатади.

Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг 40-моддасида ҳар ким бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда давлат органлари ҳамда ташкилотлари билан бир қаторда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳам аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлигининг белгиланиши муҳим аҳамиятга эга.

Янгиланаётган Конституцияда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқининг белгиланиши конституциявий даражада ҳар ким ёзма равишда мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган органлар ва мансабдор шахслар рўйхатини кенгайтириш имконини беради.

Бу борадаги ҳуқуқлар Инсон ҳуқуқлари умужаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича Европа Конвенцияси каби халқаро ҳужжатларда ўз аксини топган.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўз ҳудуди доирасида аҳолининг манфаатларини ҳал этиш юзасидан 30 дан ортиқ ваколатларга эгадир. Бундан ташқари, мазкур органлар маҳаллий ҳудудда жойлашган ўз ваколати доирасида давлат органлари ва ташкилотлари устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш борасида тегишли ҳуқуқларга эгадир. Бироқ, юқоридаги ва бошқа масалалар юзасидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига мурожаат қилиш ҳуқуқи конституциявий даражада белгиланмаган эди.

Ушбу таклиф орқали ҳар бир шахснинг эндиликда давлат органлари ва муассасаларидан ташқари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳам ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалиги киритилмоқда.

Мазкур вазифа, ҳуқуқ ва ваколатлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш ва таъминлашдек муҳим конституциявий вазифани юклайди. Шунга кўра, ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқини конституция даражасида мустаҳкамлаб қўйилиши фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги имкониятлари ва масъуллигини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Шу ўринда, маҳаллаларда халқ билан давлат органлари ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтаётган ҳоким маслаҳатчиси, ёшлар етакчиси лавозимларининг жорий этилганлиги ҳам мазкур ҳуқуқни амалга оширишнинг кўлами ва самарадорлигини оширишга қаратилган. Шунинг учун, мурожаатлар орқали барча фуқаролар билан мулоқотда бўлиш имкониятини ва шарт-шароитларини яратиш ҳар бир шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Фарход Примов,

юридик фанлари бўйича фалсафа доктори

    Бошқа янгиликлар