Сирдарёда телевидение ва радио орқали танилишни истаган фуқаро фирибгарнинг тузоғига тушиб қолди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.
Сирдарё туманида яшовчи 39 ёшли Х.Ш. “Водий садоси” радиосида ишловчи “Музаффар Очилов"га қўшиқларини радиода реклама қилиб бериш эвазига 2.400.000 сўм ҳамда "ZO'R TV" каналига чиқариб бериш учун 400.000 сўм пулларини 9860 60 **** 3895 рақамли пластик картасига ташлаб берган.
Сўнг уни алдаб кетганлигини англагач, сўраб суриштирган вақтида ўзини “Музаффар Очилов” деб таништирган шахс радио соҳасида ишламаслиги маълум бўлган.
Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида, “Музаффар Очилов” аслида ҳеч қаерда ишламайдиган, Андижон вилоятида яшовчи 28 ёшли Ю.О. эканлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Сирдарё тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ю.О.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






