Сурхондарё вилояти Денов туманида она ўз қизчасини аёвсиз калтаклагани тўғрисида хабар берган эдик.
“Миллар” дастурида маълум қилинишича, аёл фарзандини мунтазам калтаклаб келган.
Қайд этилишича, қизча ҳозирда Денов тумани тиббиёт бирлашмасида даволанмоқда. Бувисининг сўзларига кўра, қиз шу қадар калтакланганидан таниб бўлмас ҳолатга келиб қолган.
“Юзи, ҳамма жойи кўкариб ётган эди, инсон боласини бундай ваҳшийларча уруш мумкин эмас. Иккала қизини навбатма-навбат уради, ичим ачийди, йиғлайман, иложим йўқ”, — дейди буви. Аёлнинг айтишича, қизнинг калтакланиши биринчи марта содир бўлмаган, масъуллар эса ушбу ҳолатни жиддий эътиборга олмаган.
“Бир сафар овқат берганимизда ‘нима учун момонгдан овқат олдинг?’, деб урди. Мунтазам таёқлаб келади. Берсин майли, ўзимиз боқамиз. Оналикдан маҳрум қилсин, у оналикка нолойиқ”, — дея таъкидлайди буви.
Қизнинг онаси руҳий касалликлар шифохонасидаги текширувларга жалб қилингани сабаб у билан суҳбатлашишнинг имкони бўлмаган. Нейрожарроҳ Фаҳриддин Хўжаназаровга кўра, ҳозирда қизнинг аҳволи нисбатан қониқарли, динамикада умумий ҳолати ижобий.
Ҳолат юзасидан Денов тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Терговга қадар текширув ҳаракатлари Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан назоратга олинган.






