Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Ҳеник 3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги куни билан барча ўзбекистонлик оммавий ахборот воситалари ходимларини, журналист ва блогерларни табриклади.
"Жаҳон матбуот эркинлиги кунида биз бутун дунё бўйлаб ўз жамиятларида маърифат улашаётган, уларни хабардор қилиб, ўзаро муносабатга киришаётган журналистларнинг жасоратини шарафлаймиз. Эркин ва мустақил матбуот ватандошларга уларнинг турмушини шакллантирадиган воқеаларни тушунишга ёрдам беради ҳамда ғоялар ва фикрлар хилма-хиллигини тарғиб қилади. Бундай эркин ахборот алмашинуви ҳар бир демократик давлатнинг асосий бўлаги саналади", - дейди элчи.
У ўз баёнотида бугунги кунда кўплаб журналистлар дунёда содир бўлаётган воқеаларни, жумладан, Россиянинг Украинага қарши босқинчилик урушини ва Афғонистондаги инсон ҳуқуқларининг бузилишини ёритиш учун ўз ҳаётларини хавф остига қўйишаётгани, бугунги кунда эркин ва мустақил оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ эканлини таъкидлади.
Баёнотда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Ўзбекистонда медиа соҳасидаги ижобий силжишларни қўллаб-қувватлашга содиқ эканлиги қайд этилди.
"Ҳамкасбларим ва мен турли тренинглар ва таълим олиш имкониятлари орқали қўллаб-қувватлаётганимиз ўзбекистонлик журналистлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ҳамкорликни қадрлаймиз. Биз Ўзбекистон журналистлари меҳнатини нафақат бугун, балки ҳар куни шарафлашдан фахрланамиз", деди Жонатан Ҳеник.






