Мустақил фаолият кўрсатувчи Nemolchi.uz лойиҳасининг асосчиси, жамоатчилик фаоли, журналист Ирина Матвиенко ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаларида унга ўлим билан таҳдид қилингани туфайли Ўзбекистонни тарк этгани ҳақида хабар берган эдик.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳолат бўйича расмий муносабат билан чиқди.
”Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддасида, журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга оширишида унинг ҳимоя қилинишини таъминлаши лозимлиги, шунингдек, ушбу қонуннинг 14-моддасида журналистнинг қонунда белгиланган ҳуқуқларини бузганлик, унинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига таҳдид, зўравонлик ёки тажовуз қилганлик қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган. Бу каби ҳимоявий кафолатлар ”Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасида ҳам ўз ифодасини топган.
“АОКА бу каби ҳолатларни сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, журналистларнинг эркин фаолият кўрсатиши борасидаги янгича очиқлик сиёсатига зид хатти-ҳаракатлар сифатида кескин қоралайди. Шунга кўра, АОКА воқеликни ўрганиш ҳамда вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага ушбу масалани назоратга олишни сўраб расмий хат орқали мурожаат қилди”, дейилади агентлик муносабатида.
Айни пайтда И.Матвиенконинг шахсий саҳифасида эълон қилинган хабар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва мутасадди идоралар томонидан ўрганилмоқда.
Агентлик олиб борилаётган ўрганиш натижаларини диққат билан кузатиб боради ҳамда журналист ҳаёти хавфсизлиги таъминланишига, шунингдек, қонунчиликка зид равишда таҳдид қилган шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилишига ишонишини маълум қилган.