Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси махсус бўлинмалари томонидан Ўзбекистон билан чегара ҳудудида тўрт нафар ҳарбий қўлга олинди.
Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, "Кайтпас" ва "Ўтукчу" назорат-ўтказиш пунктлари ходимлари томонидан назорат-ўтказиш пунктлари орқали ўтаётган фуқаролардан тизимли равишда қирғиз пулида 50 дан 1 минг сомгача (6,5 – 131 минг сўм) пул ундирилган. Бу пул эвазига чегарачилар қирғиз-ўзбек давлат чегараси участкасидан фуқароларнинг хавфсиз ўтишини таъминлаган.
Қирғизистон MXX матбуот хизмати хабар беришича, Қирғизистон Республикаси Жиноят кодекси бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида тинтув ўтказилган. Тинтув давомида ҳарбий хизматчилар олдиндан пора олгани маълум бўлган.
4 нафар ҳарбий хизматчиси қўлга олиниб, аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






