Аввал хабар берганимиздек, айни пайтда тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг ўн биринчи съезди бўлиб ўтмоқда.
Йиғилишда Ўзбекистон Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев келгусида тиббиёт соҳасида қилиниши кутилаётган ўзгаришлар ҳақида гапирди. Унга кўра, юртимизда ўртача умр давомийлигини ҳозирги 73 ёшдан келгусида 78 ёшга етказиш бўйича барча имкониятлар ишга солинади.
Бунда қуйидагилар режалаштирилмоқда:
- 120 минг нафар онкология, 350 минг нафар диабет, 1,5 миллион юрак-қон томир касаллиги бор беморларни даволаш билан тўлиқ қамраб олиш;
- “Гепатит С” касаллигини 100 фоиз давлат ҳисобидан даволашни йўлга қўйиш;
- “туберкулёз” билан касалланиш даражасини юз минг аҳолига нисбатан ҳозирги 34 нафардан кескин камайтириш (2016-йилда 43 нафар бўлган).
- Келгуси йилдан бирламчи бўғин орқали энг кўп учрайдиган 10 та касалликни даволаш ва 6 та тиббий хизматдан иборат кафолатланган тиббий пакет аҳолига бепул тақдим этилади.
- Онкологик беморлар ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида, мамлакатимизда илк бор ўзак ҳужайраларини трансплантация қилиш йўлга қўйилади. Бу борадаги харажатлар эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун тўлиқ давлат ҳисобидан қопланади.
- Соғлиқни сақлаш тизими тўлиқ рақамлаштирилади ва тиббий суғурта тизими жорий қилинади.






