1

Бу йилги ёзда аномал иссиқ кузатиладими?

ЖАМИЯТ 01.06.2023, 14:17
Бу йилги ёзда аномал иссиқ кузатиладими?

"Ўзгидромет" маркази жорий ёз фаслида Ўзбекистонда қандай кузатилиши ҳақида маълумот берди.

Аслида минтақамизнинг иқлим шароитига кўра, Ўзбекистонда, шунингдек, Ўрта Осиёнинг барча ҳудудларида ёз узоқ вақт иссиқ ва қуруқ бўлади.

Мутахассисларнинг айтишича, бунга қарамай, турли йиллардаги ёз фасллари бир-биридан фарқ қилади. Шундай йиллар борки, жазирама иссиқ анча узоқ вақт давом этади. Ҳарорат тартиби аҳоли учун нисбатан қулай бўладиган йиллар ҳам кузатилади.

Бироқ, сўнгги йилларда ёз фаслларининг ўртача ҳарорати тез-тез ўртача йиллик қийматлардан ошиб бормоқда. ХХИ аср бошидан бери фақат 2003 ва 2009 йиллардаги ёз фасллари меъёрдан бироз совуқроқ, бошқа барча ёз фасллари эса меъёр атрофида ва ундан илиқроқ бўлди. 2015 йилдан бошлаб барча ёз фаслларининг ҳарорати меъёрдан юқори бўлди.

Келаётган ёз фасли 2023 йилда қандай бўлади?

"Деярли ҳар йили аҳоли орасида ва ҳатто баъзи оммавий ахборот воситаларида яқинлашиб келаётган ёз фасли аномал (ғайритабиий) иссиқ, барча кузатув йиллари учун энг иссиқ бўлади деган маълумотлар пайдо бўлади. Шу билан бирга, баъзи ҳаёлий ҳарорат қийматлари айтилади, улар одатда бу ҳудуд учун умуман тўғри келмайди.

Бундай маълумотлар одатда ҳеч қандай илмий асосга эга эмас. Метеорология фани бир вақтнинг ўзида бир неча ойга олдин ҳарорат фонини прогноз қила олмайди", дейилади хабарда.

Мутахассислар келаётган ёз ҳақида нима дейишлари мумкин?

"Биринчидан, бугунги кунда юқори аниқлик билан биз фақат июн - ёзнинг биринчи ойи ҳақида гапиришимиз мумкин.

Жорий йилнинг июнь ойи ўртача иссиқ об-ҳаво билан бошланади. Ойнинг энг бошида ҳаво ҳарорати 34-37 даража атрофида бўлади. Иккинчи беш кунликда иссиқ 37-40 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда 40-43 даражагача кўтарилади ва бундай ҳарорат иккинчи ўн кунликнинг бошигача сақланиб туради.

Биринчи ўн кунлик давомида Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат тоғли ҳудудларда айрим кунларда маҳаллий момақалдироқли ёмғирлар ёғиши мумкин".

Қайд этилишича, июнь ойининг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида иссиқ қисқа муддатга бироз кучсизланиш даврлари билан ҳарорат асосан 36-39 даража, республиканинг шимолида, жанубида ва чўл ҳудудларида 42 даража атрофида бўлади.

"Умуман олганда, июнь ойи меъёрдан 2-3 даражага илиқроқ бўлади.

Айрим кунларда баъзи жойларда бироз қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин, умуман олганда, июнь ойидаги ёғингарчилик миқдори меъёрдан кам бўлиши кутилмоқда.

Июль ва август ойлари учун об-ҳаво прогнозлари фақат эҳтимоллик шаклида тузилиши мумкин - бу узоқ муддатли прогнозларга энг тўғри ва аниқ ёндашувдир.

Июль ва август ойларида 60-70% эҳтимоллик билан ҳарорат фони меъёрдан бироз юқори ва унинг атрофида бўлиши кутилмоқда. Ёз аномал иссиқ бўлмайди, бироқ ҳароратни 40-42 даражагача, республиканинг шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларида 43-45 даражагача кўтарилиб, жуда иссиқ об-ҳавонинг айрим даврлари ҳам истисно қилинмайди. Бу бизнинг Ўрта Осиё иқлимимизнинг хусусиятларидан биридир".

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1