Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан эълон қилинган Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков Ҳукумат қарори билан тақиқланганлигига қарамай, 2016 йилда ташкил этилган “Коба санъат мажмуаси” МЧЖга 100 фоизлик улуш билан таъсисчи бўлиб келгани ҳақидаги хабар жамаотчиликнинг кескин муҳокамаларига сабаб бўлди.
Юлдуз Усмонова ушбу хабардан сўнг Озодбек Назарбековга “атака” бўлаётганини эшитиб, фикр билдиришга қарор қилганлигини айтди.
" Озодбек вазир бўлиб келишидан олдин қорни тўқ, халқ севган ҳофиз эди. Унга яхшигина пул келиб турарди, ўзига тинч эди. У вазир бўлгани бери боши ғалвадан чиқмади. Лекин у амалда ўтириб, бир нарсани еб қўйганига ҳеч ақлим етмайди. Бу нотўғри нарса.
У гадой, ҳеч нимаси йўқ эмас. Атрофдагилар ейиши мумкин. Ўзи емайди. Бундан олдингиларни биламан... Масалан, у давлатни суиистеъмол қилиб, фирмадан пул қиладиган бўлса, биз билмаслигимиз мумкин эди”, деди Ю.Усмонова.
Бундан ташқари, Юлдуз Усмонова муҳокамаларга билдирган фикрини давом эттирар экан О. Назарбековнинг давлат рўйхатидан ўтган фирмаси бўлгани, уни порага эҳтиёжи йўқлигини кўрсатишини айтади.
“Унинг давлат рўйхатидан ўтган фирмаси бўлса, хурсанд бўлинглар. Демак порага эҳтиёжи йўқ", дейди хонанда.
Танқид қилаётганларни Озодбекни дилини оғритиб қўймасликка чақиради.
"У вазир бўлибдики, ҳамма чўқийди. Уни тепа ҳам чўқийди. Бу осон нарса эмас. Бу ерда биз чўқисак, сиз чўқисангиз ким ўтириб ишлайди. Ўз вақтида ўғирлаган одамларни ҳеч ким гапирмади. Бу борада мен танийдиган одамлар ўлиб ҳам кетди. Лекин шу бугун Озодбекни жойи кимгадир керак бўлиб қолди”, дейди Ю.Усмонова.






