1

Тошкент туманида туманлараро перинатал марказ иш бошлади

ЖАМИЯТ 01.06.2023, 22:27
Тошкент туманида туманлараро перинатал марказ иш бошлади

Юртимиз ҳудудларида 46 та туманлараро перинатал марказ ташкил этилиши белгиланган. Президентимизнинг тегишли қарори асосида шакллантирилган ушбу марказлар рўйхатига Тошкент тумани туғуруқ комплекси ҳам киритилган эди.

1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ўтказилган тантанали очилиш маросимида Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев ва Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов иштирок этди.

Шу пайтгача Тошкент вилоятининг Бекобод, Янгийўл, Олмалиқ шаҳарлари ва Қуйи Чирчиқ туманида туманлараро перинатал марказлар ташкил этилган эди.

 Бунга қадар 110 ўринли Тошкент тумани туғуруқ комплексида йилига 5,5 мингга яқин туғуруқ қайд этилиб, фақатгина шу ҳудуд аҳолисига хизмат кўрсатган.

Шифохона асосан асоратсиз туғуруқларни қабул қилишга мўлжалланган бўлиб, асоратли ва кам вазн билан туғилган чақалоқлар республика муассасаларига ва Чирчиқ шаҳрида жойлашган вилоят перинатал марказига 50-70 км. масофа босиб олиб борилар эди.

Албатта, туғуруқ мажмуасини перинатал марказга айлантириш осон эмас. Бунинг учун қатор техник ва малакавий талаблар мавжуд. Муассасани замонавий стандартларга мос ҳолга келтириш учун 18,2 млрд. сўм инвестиция дастури доирасида маблағ сарфланди.

Марказ замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланди. Бунинг учун 2,1 млрд. сўм маблағ ажратилди.

 Туғуруқдан кейинги хоналар замонавий ҳолатга келтирилиб, ҳар бирига алоҳида санузел ўрнатилди.

Муассасада қўшимча 10 ўринли “Чақалоқлар патологияси” ва 6 ўринли “Чақалоқлар реанимацияси” бўлимлари ташкил этилди.

Бу эса оғир аҳволда ва кам вазнли туғилган чақалоқларга ўз вақтида ва самарали тиббий хизмат кўрсатиш имконини яратади.

 Бундан ташқари, марказнинг 35 нафар шифокори республика муассасаларида алоҳида ташкил этилган ўқув курсларида тиббий малакаларини ошириб қайтди.

Туманлараро перинатал марказ мутахассислари ўз олдига Тошкент туманидан ташқари, Қибрай ва Зангиота туманида яшовчи аёллар ҳамда муддатидан аввал туғилган гўдаклар учун ихтисослаштирилган реанимацион ва интенсив хизматларни ташкил этиш, кам вазнли чақалоқларни парвариш ва реабилитация қилиш, асоратли туғуруқ кутилаётган ҳомиладор аёллар учун малакали тиббий хизмат кўрсатиш каби мақсадларни қўйган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1