Бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.
Ялпи мажлис ўз ишини Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан парламентнинг юқори палатасига киритилган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги масалани кўриб чиқиш билан бошлади.
Ушбу масала юзасидан Сенат Қарори қабул қилинди. Қарорда аёллар, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшдан ошган эркаклар, чет давлатлар фуқаролари, шунингдек қонунда белгиланган тартибда 1 ёки 2-гуруҳ ногиронлари деб топилган шахслар, бошқа тоифадаги қатор фуқароларни (айрим чекловларни ҳисобга олган ҳолда) жазодан озод этиш назарда тутилган. Шунингдек амнистия тўғрисидаги қарор татбиқ этилмайдиган шахслар тоифалари ҳам белгиланган. Улар қаторига ўта оғир жиноят содир этганлар киради.
Қарорда амнистия ҳужжати бўйича жиноий жавобгарликдан ва жазодан озод этилиши лозим бўлган шахсларга нисбатан ишлар ҳамда материалларни судда кўриб чиқиш тартиб-таомили белгилаб берилмоқда. Амнистия тўғрисидаги қарор эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради ва 3 ой давомида ижро этилади. Унинг очиқ-ошкора бажарилиши устидан парламент ва жамоатчилик назорати амалга оширилади.
Қарорда муайян тоифадаги шахсларни жавобгарлик ёки жазодан нафақат озод қилиш, балки уларни даволаш, ишга жойлаштириш, шунингдек жазодан озод этилаётган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш ва ҳаётга мослаштиришни белгилаб берувчи бир қатор тадбирлар ҳам кўзда тутилган.