Аввалроқ, "Ўзавтосаноат" АЖ тизимидаги энг йирик корхона ҳисобланган - "UzAuto Motors" АЖ Жанубий Корея ва бошқа мамлакатлардан жалб этилган 170 нафар мутахассис билан ҳамкорликда Асака шаҳридаги заводининг ишлаб чиқариш линияларини режали модернизация қилишни йўлга қўйилиши ҳақида хабар берган эдик.
Ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, барқарор ишлаб чиқаришни таъминлаш ҳамда конвейерларнинг ишдан чиқишини олдини олиш мақсадида корхонада техник ишлар олиб борилиши натижасида ишлаб чиқариш линияларининг ишлаши вақтинча тўхтатилади. Хўш, бу автомобиллар нархига таъсир қиладими?
Асака шаҳридаги "Ўзавтосаноат" АЖ заводида амалга оширилаётган режали модернизация ишлари бир неча кундан буён ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. "Ўзавтосаноат" АЖ Матбуот хизмати масалага ойдинлик киритди.
“Алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимизки, бундай модернизация ва профилактика ишлари заводда мунтазам равишда амалга оширилади ҳамда бу корхона фаолиятининг нарх билан эмас, балки техник масалалари билан боғлиқ”, дейилади хабарда.
Аввал хабар қилинганидек, "Ўзавтосаноат" АЖ заводи жорий йилнинг май ойидан бошлаб 24/7 режимида тўлиқ қувватда ишлаб, ишлаб чиқариш ҳажми бўйича рекорд кўрсаткични қайд этди.
Маълумот учун, мазкур ишлар режалаштирилган ва истеъмолчиларга автомобилларни етказиб бериш жадвалига таъсир қилмайди.






