Италиянинг машҳур ”Corriere della Sera“ газетасида ”Ўзбекистон олтин император саройлари ва янги иқтисодиёт ўртасида“ сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда ”Дунё“ АА.
Мақола муаллифи Алессандра Пуато Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент каби Буюк ипак йўлида жойлашган қадим шаҳарлар, Марказий Осиёдаги масжид ва мақбаралар, карвонсаройлар ҳамда тоғ ва чўллар Александр Македонский, Чингизхон ва Амир Темур салтанатларини кўрган, дея қайд этади. ”Бу ерда гап, албатта, ”Corriere della Sera” томонидан ”Turisanda” компанияси билан ҳамкорликда жорий йилнинг 6-13 октябрь кунлари ташкил этиладиган Ўзбекистонга саёҳат ҳақида бормоқда. Ўзбекистонга сафар қилиш, шунингдек, ислоҳот йўлидан одимлаётган, Италиядан бошлаб Ғарб билан алоқалар ўрнатаётган собиқ иттифоқ мамлакатида кечаётган саноат ўзгаришларига гувоҳ бўлиш имкониятини ҳам англатади”, - деб ёзади муаллиф.
Мақолада Ўзбекистонда инвестициявий лойиҳани амалга ошираётган Италиянинг ”Pietro Fiorentini” компанияси ижрочи директори Криштиану Нардининг қуйидаги сўзлари келтирилган: ”Биз газ истеъмолини назорат қилиш учун зарур бўлган 3,5 миллион ”ақлли” ҳисоблагичларни етказиб бериш бўйича тендерда ғолиб бўлдик. Биз деярли бутун мамлакатни қамраб олдик. Ҳозирги кунда янги абонентлар учун етказиб бериш жараёнини ўз ичига олган ишлаб чиқаришнинг иккинчи босқичига тайёргарлик кўрмоқдамиз. Ўзбекистон янги бозор, мамлакат бизни ўзининг жозибадорлиги билан ҳайратда қолдирди”.
Нашрда қайд этилишича, ”Corriere“ билан саёҳат қилиб, сиз ҳалигача маданиятлар ва динлар чорраҳаси бўлиб қолаётган мамлакатнинг қайта уйғониш даврининг асосий қаҳрамонлари билан учрашасиз.
”Биз саёҳатимизни ”деворлар ичидаги шаҳар” - Хивадан, ЮНЕСКО мероси рўйхатига киритилган Ичан қалъадан бошлаймиз. Сўнгра мадрасаси ва шоҳ Арк қалъаси жойлашган Бухорога, шунингдек, Амир Темур туғилиб ўсган Шаҳрисабзга борамиз. Кейин Самарқандга - Амир Темур музейи, Улуғбек расадхонаси ва охирида, Тошкентга, энг қадимий Қуръон сақланадиган музейга ташриф буюрамиз”, - деб ёзади ”Corriere della Sera”.