Аввалроқ, Хоразмда оилавий болалар уйи раҳбари уч нафар вояга етмаган тарбияланувчини 10 ой давомида вилоят адлия бошқармаси ва туман фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиқлари билан жинсий алоқада бўлишга мажбурлагани ҳақида хабар берган эдик.
Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2023 йил 6 апрелдаги ажрими билан Хоразм вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 27 декабрдаги ажримининг А. М. ва А. К. га оид қисмини бекор қилиб, ишни янгитдан апелляция инстанцияси судида кўриш учун юбориш тўғрисидаги Хоразм вилоят прокуратурасининг кассация тартибидаги протести қаноатлантирилиб, ушбу жиноят ишини янгидан апелляция инстанция судида кўриш учун юборилиши белгиланди ва Жиноят-процессуал кодексининг 393-моддасига (жиноят ишининг судловга тегишлилигига кўра ўтказилиши) асосан ушбу жиноят иши апелляция тартибида янгидан кўриб чиқиш учун Тошкент шаҳар судига юборилган эди.
Айни пайтда Олий суд матбуот хизматининг хабар қилишича, Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ мазкур жиноят иши ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилмоқда.
Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг суд мажлисида прокурор судга илтимоснома билан мурожаат қилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 416-417-моддалари тартибида судланувчиларга янги айблов бўйича жиноят иши қўзғатиш ва бошқа шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш масаласини ҳал қилиш учун жиноят иши ҳужжатларини айблов хулосасини тасдиқлаган прокурорга юбориш тўғрисида ажрим чиқаришни сўради.
Апелляция инстанция судлов ҳайъати прокурор илтимосномасини қаноатлантириб, судланувчилар А. М. ва А. К. га оид жиноят иши бўйича ажрим қабул қилиб, Хоразм вилоят прокурорининг ўринбосарига юборилди ва жиноят ишини кўриш 1 ойлик муддатга тўхтатилди.






