Аввалроқ, Сирдарёда шифохонага қутуриш ташхиси билан олиб келинган фуқаро вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. Санэпидқўмита Ахборот хизмати мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билан чиқди.
Маълум қилинишича, Сирдарё вилоят юқумли касалликлар шифохонасига 2023 йил 18 июль куни соат 19:20 да қутуриш касаллигига гумон қилиниб, бир нафар фуқаро ётқизилган.
Фуқарони 2023 йил феврал ойида ўзининг 3 ёшли, қора рангли ити чап оёқ болдир соҳасини тишлаган.
Июль ойигача бўлган вақт давомида бемор тиббиёт муассасасига мурожаат қилмаган.
Сирдарё вилоят юқумли касалликлар шифохонаси томонидан беморга ўтказилган даво муолажасига қарамасдан 19 июл куни соат 21:35 вафот этган. Бемордан намуна олиш учун патологик анатомия текширувига жўнатилди.
Марҳумга жароҳат етказган итни бошқа фуқароларга жароҳат етказганлигини ўрганиш ва касалликни олдини олиш мақсадида марҳум яшаш манзилида ШТАБ ташкил этилди.
Тиббиёт ходимларидан иборат 10 та гуруҳ тузилиб 32 нафар тиббиёт ходимлари хонадон айланиш тадбирларига жалб этилди.
Санэпидқўмитанинг Боёвут тумани бўлими 10 нафар ходимлари эпидемиологик суриштирув ишларини олиб бормоқда.
Мутахассислар хонадонма-хонадон юриб аҳолининг тиббий-санитария маданиятини ошириш мақсадида хавфли, ўта хавфли юқумли касаллликлар мавзуларида санитария-тарғибот ишларини олиб бормоқда.
Сирдарё вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқарма маъсуллари ҳамда туман мутахассислари томонидан маҳалладаги барча хонадонлардаги итларни, мушукларни қутириш касаллигига қарши эмлаш тадбирлар олиб борилмоқда.






