Шавкат Мирзиёев автомобиль саноатини ривожлантириш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва тармоқ рақобатбардошлигини оширишга бағишланган тақдимот билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Сўнгги йилларда мамлакатда автомобиль бозори сезиларли даражада ўзгарган: эндиликда Chevrolet, BYD, Kia ва Hyundai каби йирик брендлар билан ҳамкорликда бир нечта заводлар фаолият юритмоқда.
Жорий йилда эса Volkswagen, Foton ва JAC Motors ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилиши режалаштирилган.
Ҳозирда 300 дан ортиқ корхона Chevrolet, 40 га яқин корхона эса Kia ва BYD учун бутловчи қисмлар етказиб бермоқда.
Шунингдек, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва соҳада бандликни 1 миллион кишига етказиш масалалари кўриб чиқилган.
Volkswagen лойиҳаси доирасида дастлаб Тошкентда йирик узелли ишлаб чиқариш, кейинчалик Ангренда тўлиқ циклли завод ташкил этиш режалаштирилган.





