Куни кеча ижтимоий тармоқларда эркак ўзганинг машинасини катта кўчада тош билан уриб, машинанинг ойналарини синдириб, пачоқлаб ташлагани акс этган видео тарқалди.
Маълум бўлишича, фуқаро Ш.С. “Яндекс” фирмасига такси буюртма қилган ҳамда буюртмани мазкур фирма ҳайдовчиси Фарғона шаҳрида яшовчи 2002 йилда туғилган И.Р. қабул қилиб, бироздан сўнг ўз бошқарувидаги “ Cobalt” русмли автомашинасида С.Ш. турган С.Темур кўчасига етиб келган. Бироқ, фуқаро Ш.С. ҳайдовчи И.Р.нинг телефон аппарати ўчиб қолганлигидан ва унинг қўнғироғига жавоб бермаганидан жаҳли чиқиб, у билан ўзаро жанжаллашиб, И.Р.нинг автомашинаси ойналарини тош билан уриб синдириб юборган.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Фарғона ИИБ матбуот хизмати қўшимча маълумот тақдим этди.
Маълум бўлишича, ушбу ҳаракатларни содир этган фуқаро ушланган, у қилган ишидан пушаймон эканини билдирди.
"Озроқ, қизишиб кетдим, тартибни бузганим учун мана, энди жавоб бериб ўтирибман. Пушаймонман, ҳаммадан узр сўрайман", - дейди ички ишлар бошқармасига олиб келинган тартиббузар.
Фарғона вилояти ИИБ матбуот хизмати раҳбари Исмоил Шарипов тақдим этган маълумотга кўра, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми А банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Шунингдек, мазкур ҳолатда ички ишлар органлари ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган бўлиб, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.