Бугун блогер Абдуқодир Мўминов иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Ушбу суд жараёнида darakchi.uz' мухбири ҳам қатнашди.
Мухбирнинг хабар беришича, А. Мўминов фуқаролар Л. М., Ф. К. ва Э. Э.нинг пул маблағларини фирибгарлик йўли билан эгаллаш ҳолатлари бўйича жиноий ҳодиса юз бермаганлиги ҳамда унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б”, “в” бандлари билан айбсиз деб топилиб, реабилитация этилди ҳамда жиноят ишининг шу қисмлари Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 1, 2-бандларига асосан тугатилди.
А. Мўминов Жиноят кодексининг 141-1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми “а” банди, 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди, 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми ва 28,211-моддаси (пора беришда иштирокчилик) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 45 (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) ва 57 (енгилроқ жазо тайинлаш) моддаларини қўллаган ҳолда Жиноят кодексининг 59 (бир неча жиноят содири этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61 (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалари тартибида Абдуқодир Мўминовга 7 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Шунингдек 3 йил журналистик фаолиятни чеклаш жазоси тайинланди.
Тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўтаттирилиш белгиланди.
Шунингдек, А. Мўминовдан жабрланувчилар фойдасига жиноят оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш белгиланди.
Биринчи инстанция ҳукмидан норози тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест келтириш ҳуқуқи мавжудлиги маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз:
2023 йилнинг февралида Жиноят кодексининг 2 моддаси билан айбланиб, процессуал тартибда ушланган блогер Абдуқодир Мўминов иши бўйича илк суд мажлиси 25 июль куни бўлиб ўтган эди.
Шундан сўнг, 27 июль куни Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида ҳукумат танқидчиси, “Ko’zgu” канали муаллифи Абдуқодир Мўминов иши бўйича иккинчи суд мажлиси бўлиб ўтган эди.
Ўша суд давомида жами 6 та иш бўйича 8 нафар жабрланувчи ва 5 нафар гувоҳ сўзга чиқилганди.
Прокурор Абдуқодир Мўминовни узил-кесил 11 йилга қамашни сўраган эди.