АсосийJamiyat

"Янгийўл тумани ҳокимлигида ўринбосарларни пайпоқдек алмаштириш урфга кирган" — Зойир Мирзаев

'"Янгийўл тумани ҳокимлигида ўринбосарларни пайпоқдек алмаштириш урфга кирган" — Зойир Мирзаев'ning rasmi

Аввал хабар қилганимиздек, кеча, 17 август куни Халқ депутатлари Янгийўл тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туманга Атоуллаев Одилжон Касимович  янги ҳоким этиб тайинланди

Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, сессияда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ҳудуд юзасидан таҳлилий-танқидий нутқ сўзлади ва туманни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришга доир долзарб масалаларга тўхталди. 

Қайд этилишича, 2023 йили саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8 фоизга камайди. Айни пайтда туманда 7 минг 900 ишсиз аҳоли бор, хусусан, 12 минг аҳоли хорижда мигрант бўлиб турибди. 51 та маҳаллада сартарош, 53 та маҳаллада гўзаллик салони етишмайди.

Имтиёзли кредитлар эвазига 315 та кичик бизнес очилган. Бироқ ажратилган жами маблағнинг 65 фоизи ўзлаштирилган холос. "Ибрат", "Соҳибкор", "Янгийўл" маҳаллаларида вазият оғир. Маҳаллада қатор муаммолар етилиб қолган.

"Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимига лойиқ эмас, деб ҳисоблайман ва вазифасидан озод қилишни тавсия қиламан. Янгийўл тумани ҳокимлигида ўринбосарларни пайпоқдек алмаштириш урфга кирган. Икки йилда 7 та қурилиш бўйича ўринбосар алмашди. Бироқ қурилиш соҳаси шу билан тартибга тушмади. Бу жуда оғриқли ҳолат", - дея танқид қилди вилоят ҳокими. 

Бундан ташқари, мактабгача таълимга болаларни қамрови бўйича туман вилоятда охирги ўринда. Зойир Мирзаев, шунингдек, таълим, ёшлар, хотин-қизларга доир давлат сиёсатини амалга оширишда туманда йўл қўйилган хато ва камчиликлар, бажарилиши лозим бўлган ишлар хусусида сўз юритди.

Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбари раислигида ўтказилган инвестиция масалаларига доир йиғилиш якунларига кўра туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Улуғбек Ялгашов вазифасидан озод қилинган эди.

 

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар