1

Андижонда “Equinox” машинасидан 1 кг. 988 гр. “гашиш” топилди (видео)

ЖИНОЯТ 21.08.2023, 16:52
Андижонда “Equinox” машинасидан 1 кг. 988 гр. “гашиш” топилди (видео)

Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда бир нечта тезкор тадбирлар ўтказилди. Бу ҳақда darakchi.uz'га ДХХ Матбуот хизмати хабар бермоқда.

 

Хусусан, Андижон шаҳрида яшовчи, 1988 й.т. фуқаро бошқарувидаги “Equinox” автомашинаси Олтинкўл туманида тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унинг салон қисмида 1 кг. 988 гр. “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида, Андижон шаҳрида яшовчи, 1989 й.т., муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс ушбу ажал оғусини Тожикистон Республикасидаги наркосавдогарлардан 5500 АҚШ доллари эвазига Наманган вилоятининг Поп тумани ҳудудига келтириб бериш шарти билан сотиб олганлиги аниқланиб, у ҳам процессуал тартибда қўлга олинди.

Ўз навбатида “Equinox” автомашинаси эгаси ушбу гиёҳвандлик воситасини тожикистонлик наркокуръерлар томонидан қолдириб кетилган хуфия жойдан олиб, жиноий шеригининг ёнига кетаётган бўлган.

Бошқа ҳолатда эса Қирғиз Республикасидан гиёҳвандлик воситаларини олиб келиб, сотиш билан шуғулланган 2 нафар шахс ушланди.

Хусусан, Жалақудуқ туманида яшовчи, 1977 й.т. фуқаро 100 гр. “гашиш” моддасини Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи, 1974 й.т. жиноий шеригига олиб кетаётган вақтида қўлга олинди.

Шунингдек, унинг яшаш хонадонидан 586 гр. “гашиш”, жиноий шериги уйидан эса 19 гр. “гашиш” моддаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Андижон шаҳрида яшовчи, 1977 й.т., муқаддам судланган шахс эса ўз ўғлининг бошқарувида бўлган “KIA” автомашинасида Тошкент шаҳри томон ҳаракатланаётган вақтида Бўстон туманидаги 44-сонли ЙПХ масканида тўхтатилди.

Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганида, унинг салон қисмида Қирғиз Республикасидан келтирилган 673 гр. “гашиш” моддаси ҳамда 42 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Шунингдек, унинг яшаш хонадонидан ҳам 14 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари олинди.

Андижон шаҳрида қайд этилган яна бир ҳолатда, 1969 й.т., муқаддам судланган шахс Қирғиз Республикасидан наркотик моддалар олиб келиб, сотишини бошқалардан сир тутиш мақсадида, шаҳарнинг бошқа ҳудудидан ижарага уй олганлиги аниқланди.

Унинг ижарага олган хонадони кўздан кечирилганда, келгусида сотиш мақсадида сақлаб келинаётган жами 269 гр. “гашиш” моддаси ва 1 дона электрон тарози борлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1