1

Вашингтон мэри 1 сентябрьни АҚШ пойтахтида Ўзбекистон мустақиллигининг 32 йиллиги куни деб эълон қилди

ДУНЁ 02.09.2023, 14:45
Вашингтон мэри 1 сентябрьни АҚШ пойтахтида Ўзбекистон мустақиллигининг 32 йиллиги куни деб эълон қилди

АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлаган ҳолда ҳамда Ўзбекистон мустақиллиги муносабати билан Вашингтон шаҳри мэри Муриел Баузер 2023 йил 1 сентябрьни АҚШ пойтахтида “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 32 йиллиги куни” деб расман эълон қилди, деб хабар бермоқда  “Дунё” АА.

Истиқлолимизнинг 32 йиллиги билан қабул қилинган декларацияда АҚШ пойтахти мэри Ўзбекистонда Мустақиллик кунининг аҳамияти таъкидланиб, Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олганини таъкидлаган. Мэрнинг баёноти ушбу куннинг аҳамиятини эътироф этибгина қолмай, балки ўзбек жамоаларининг Вашингтоннинг “бой хилма-хиллиги, маданияти ва анъаналарига” берадиган қадриятини урғулайди.

1993 йилда Вашингтонда Ўзбекистон элчихонаси очилганидан буён Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги икки томонлама муносабатларда сезиларли яхшиланиш кузатилди. Декларацияда элчихона ушбу муносабатларга “янги динамизм” олиб келгани ҳамда АҚШ пойтахтидаги “дипломатик ҳамжамиятнинг жонли ва ажралмас қисми”га айлангани учун мақтовга сазовор.

Вашингтонда 1 сентябрьнинг Ўзбекистон Мустақиллик куни деб эълон қилиниши рамзий маъно эмас, бу икки халқ ўртасидаги тобора мустаҳкамланиб бораётган муносабатларнинг белгисидир. Сўнги йиллар давомида шаклланган ҳамкорлик ўзаро стратегик шерикчиликнинг ёрқин ифодаси бўлиб, турли соҳалардаги янада кенгроқ ҳамкорликка замин яратмоқда. Декларацияда таъкидланишича, Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон кўплаб соҳаларда, жумладан, чегара ва минтақавий хавфсизлик дастурлари, иқтисодий лойиҳалар, маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инглиз тили таълимини ривожлантириш каби йўналишларда мустаҳкам ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириб бормоқда.

Бундан ташқари, шаҳар мэрияси Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасига икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, шахслараро алоқаларни йўлга қўйиш ва икки давлат ўртасида маданий алмашинувни ривожлантиришда салмоқли муваффақиятларга эришгани учун миннатдорлик билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Қўшма Штатлар пойтахти Вашингтон 1791 йилда ташкил этилган ва Американинг биринчи президенти Джорж Вашингтон номи билан аталган. Вашингтонда федерал ҳукуматнинг барча уч бўлимининг асосий идоралари, жумладан, АҚШ президентининг Оқ уйдаги қароргоҳи, кўплаб ёдгорликлар ва миллий аҳамиятга эга музейлар жойлашган. Шаҳарда юзлаб элчихоналар, Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Америка давлатлари ташкилоти, Америкалараро тараққиёт банки ва Панамерика соғлиқни сақлаш ташкилоти штаб-квартиралари жойлашган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1