Озарбайжон миллий мусиқа куни муносабати билан Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Марказида “Башар маданияти дурдонаси – Озарбайжон мусиқаси” деб номланган тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда Darakchi.uz мухбири хабар берди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб Маданият саройи фоесида ташкил этилган “Кавказ консерваторияси – озод Шуша” ҳамда Буюк Йўлбошчи Ҳайдар Алиев таваллудининг 100 йиллигига бағишланган фото ва нашрлар кўргазмаси билан танишди.
Дастурхон устида ўтказилган мусиқа байрамида Буюк Лидер Ҳайдар Алиевнинг Узейир Ҳожибеёвнинг миллий маданиятимизга қўшган ҳиссаси ҳақидаги сўзлари, Узейир Ҳожибеёв ижоди ва Шуша шаҳрида Президент Илҳом Алиев иштирокида ўтказилган тадбирлар ҳақидаги фикрлари, Харибулбул фестивалига бағишланган видеоматериал намойиш этилди.
Озарбайжон Маданият Маркази директори Самир Аббосов меҳмонларни қутлаб, Миллий мусиқа куни Озарбайжоннинг замонавий профессионал мусиқа санъати асосчиси, мусулмон Шарқидаги илк опера муаллифи, даҳо бастакор, мусиқашунос, публицист, педагог, жамоат арбоби Узейир Ҳожибейлининг таваллуд куни муносабати билан ташкил этилганини таъкидлади.
У 18 сентябр – Узейир Ҳожибейлининг таваллуд топган куни Буюк Йўлбошчи Ҳайдар Алиевнинг фармони билан Озарбайжонда Миллий мусиқа куни сифатида нишонланганини алоҳида таъкидлаб, Озарбайжоннинг бой маданияти ва мусиқа санъатининг жаҳондаги ўрни ҳақида сўзлаб берди.
Сўзга чиққанлар,“Ўзбекистон-Озарбайжон” дўстлик жамияти ижрочи директори, профессор Эркин Нуриддинов, Низомий номидаги Тошкент Давлат Педагогика Университети мусиқа факултети доценти Даврон Қодиров ўзбек ва озарбайжон халқлари ўртасидаги дўстона муносабатлар ҳақида сўз юритиб, тилимиз, динимиз, анъаналаримиз, халқимиз ўртасидаги дўстона муносабатларга алоҳида эътибор қаратди. Озарбайжон мусиқаси бутун дунёда танилгани ва севилгани ва доимо янграётгани қайд этилди. Сўзга чиққанлар Озарбайжон миллий мусиқасининг Ўзбекистонда ҳам кенг тарқалганини таъкидладилар.
Тадбирда Озарбайжон Маданият Маркази қошидаги Кайкеб Алиева номидаги “Шуша” рақс ансамбли “Узундера” миллий рақсини намойиш этди.
Хонандалар Рена Азизова, Даврон Қодиров, Севинч Рўзметова, Нилуфар Қўшоқова, Фотима Сафоева Озарбайжон ва ўзбек тилларида қўшиқлар куйлашди, озарбайжонлик мусиқа устаси Илҳом Абдуллаев миллий куйларни, ўсмир пианиночи Али Аббосли фортепианода “Дада Қўрқуд” достонидан парча ижро этди.
Тадбирда 30 йилдан сўнг Қорабоғ фарзанди, дунёга машҳур бастакор Узейир Ҳожибеёвнинг ватани, Озарбайжон мусиқасининг бешиги, туркий дунёнинг маданий пойтахти Шуша шаҳри арман истилосидан озод қилингани ғурур билан таъкидланди. Бугун Озарбайжон давлатининг оқилона сиёсати самарасида озод Шуша шаҳрида кенг кўламли реставрация ва қурилиш ишлари олиб борилмоқда, халқаро маданий тадбирлар ва фестиваллар ўтказилмоқда, ушбу маданият пойтахтида даҳо ижодкор Узейир Ҳожибеёв бюсти ва ҳайкали қайта ўрнатилди.