1

Қорабоғда бир нечта мина портлади

ДУНЁ 19.09.2023, 15:58
Қорабоғда бир нечта мина портлади

Бугун, 19 сентябрга ўтар кечаси Қорабоғда ноқонуний қуролли гуруҳлар аъзолари томонидан ўрнатилган мина портлади. Ҳодиса натижасида бир неча озарбайжонликлар ҳалок бўлди. Бу ҳақда Озарбайжон Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

“Хўжаванд тумани ҳудудидан ўтувчи Аҳмадбейли-Фузулий-Шуша йўлининг 58-километрида Арманистон Қуролли кучларининг қўпорувчи-диверсив гуруҳи томонидан ўрнатилган танкга қарши мина томонидан автомобиль йўллари давлат агентлиги (“Азеравтойўл”) юк машинаси портлатиб юборилди”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ҳодиса оқибатида “Азеравтойўл” агентлигининг икки ходими –Самир Содихов (1970 йилда туғилган) ва Фарҳод Гулиев (1965 йилда туғилган) ҳалок бўлган. 

Шундан сўнг, Озарбайжон Ички ишлар вазирлиги ходимлари “КамАЗ” автомашинасида воқеа жойига йўл олган. Бироқ улар Хўжаванд тумани ҳудудидан ўтаётганда Тагавард қишлоғида янги қурилган туннелда арман диверсант гуруҳи томонидан ўрнатилган мина портлаган. Оқибатда Ички ишлар вазирлиги ходимлари Асим Жамолзода (1994 йилда туғилган), Рамил Ширинов (1987 йилда туғилган), Сеймур Маҳмудов (1991 йилда туғилган) ва Хазар Заманов (1998 йилда туғилган) ҳалок бўлган. Яна беш киши жароҳат олиб, шифохонага етказилган.

Озарбайжон Давлат хавфсизлик хизмати Бош тергов бошқармасида мазкур ҳолатлар бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Бундан ташқари, Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Арманистон томонидан мамлакат ҳудудларининг навбатдаги ўққа тутилиши ҳақида хабар берган.

“Россия тинчликпарвар контингенти вақтинча жойлашган Озарбайжон ҳудудида ноқонуний арман қуролли гуруҳлари аъзолари Озарбайжон армиясининг Ағдам йўналишидаги позицияларини ўққа тутди”, дейилади вазирлик баёнотида.

Аниқлик киритилишича, Озарбайжон армияси бўлинмалари кўрсатилган йўналиш бўйича жавоб чораларини кўрган.

Шунндан сўнг, Мудофаа вазирлиги расмий хабар эълон қилди. Унга кўра, Озарбайжон Қорабоғда “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.

“Уч томонлама баёнот қоидаларини таъминлаш, Қорабоғ иқтисодий ҳудудида кенг кўламли провокацияларга барҳам бериш, қуролсизлантириш ва Арманистон қуролли кучлари қўшинларини ҳудудларимиздан олиб чиқиб кетиш мақсадида минтақада маҳаллий антитеррор чоралари кўрилди”, дейилади хабарда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1