“Ўқитувчиларнинг малака ошириш ва қайта тайёрлаш жараёнлари замонавий шароитларда бўлиши лозим” - Ҳилола Умарова

ЖАМИЯТ 24.09.2023, 13:56
“Ўқитувчиларнинг малака ошириш ва қайта тайёрлаш жараёнлари замонавий шароитларда бўлиши лозим” - Ҳилола Умарова

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова А.Авлоний номидаги педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институтида бўлди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди. 

Вазир Институт ректори Абдували Исмоилов, институт халқаро маслаҳатчиси Ислам Элҳадарй билан янги малака ошириш тизими, мактаб директорлари лавозимига номзодлар учун менежерлик курсларини ўтказиш бўйича фикр алмашди. 

Суҳбат жараёнида Ҳилола Умарова ўқитувчиларни малака ошириш ва қайта тайёрлаш жараёнлари аянчли ҳолга келиб қолгани, тизимни тубдан ўзгартириш лозимлигини қайд этди.

Институтни кўздан кечирар экан, муассаса биноси мутлақо замон талабларига жавоб бермаслиги, моддий-техник базаси эскиргани, бу ерга педагоглар иштиёқ билан келишлари учун уни мутлақо янгидан энг замонавий технологиялар асосида қайта реконструкция қилинишини маълум қилди. Институтнинг замонавий ўқув биноси, сўнгги технологиялар билан жиҳозланган ўқув хоналари, барча шароитларга эга турар жойлари ва амалиёт ўташ учун ўз мактаби бўлади.

“Ўқитувчиларнинг малака ошириш ва қайта тайёрлаш жараёнлари замонавий шароитларда бўлиши лозим. Институт ҳудудий малака ошириш институтларига локомотив бўлиши лозим”, - дея қайд этди вазир.

Бундан ташқари; 

“Авлоний институтига таълим соҳасида жуда катта тажрибага эга хорижий маслаҳатчи жалб этдик. Биргаликда педагог ходимларимизни қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимини мутлақо қайтадан кўриб чиқиб, янгидан жорий қиламиз. Ушбу йўналишда дастлабки қадамларни белгилаб оляпмиз. Тез фурсатларда бу йўналишда қилинаётган ишларни маълум қиламиз”, - деди вазир. 

Вазир томонидан институт раҳбарияти олдига муҳим вазифалар белгилаб берилди ва соҳада тез фурсатларда натижалар бўлишига ишонч билдирилди, дейилади хабарда. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1