1

Сергелидаги ёнғинни ўчириш учун вертолёт ва ёнғин ўчириш поезди ҳам жалб қилинган

ЖАМИЯТ 28.09.2023, 15:14
Сергелидаги ёнғинни ўчириш учун вертолёт ва ёнғин ўчириш поезди ҳам жалб қилинган

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 28 сентябрь куни соат 02:43 да Тошкент шаҳар Сергели тумани “Қурувчи” МФЙ Хонобод кўчасида жойлашган “Inter Logistics” МЧЖга қарашли омборхоналар ҳудудида чақнаш оқибатида ёнғин содир бўлди. .  

Шунга кўра, ёнғин-қутқарув бўлинмалари соат 02:48 да ёнғинга етиб бориб, тезкор ҳаракатлар натижасида, соат 05:02 да ёнғин қуршаб олинган ва соат 10:47 да батамом ўчирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириқларига асосан Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида содир бўлган фавқулодда вазиятни ўрганиш, кўрилган талофатларни бартараф этиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича Ҳукумат комиссияси тузилди.

Ёнғин жойига, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири – Фуқаро муҳофазаси бошлиғи А.Арипов, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Божхона бошқармаси ҳамда Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизимига кирувчи хизматларнинг раҳбарлари чиққан.

Воқеа жойида тегишли ташкилот ва хизматлар ҳамкорлигида тезкор Штаб ташкил этилди.  

Ушбу вазият оқибатида жабрланганларнинг умумий сони 163 нафарни ташкил этмоқда. Жабрланганларнинг асосий қисми саломатлиги яхши бўлганлиги учун амбулатор тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган.    

Ҳодиса оқибатида ёнғин яқинидаги кўп квартирали уйларнинг бирида бўлган 2006 йилда туғилган 1 нафар фуқаро воқеа жойида ҳалок бўлган.  

Ёнғинни бартараф этиш ишларига, ФВВ ва бошқа тегишли ташкилотлардан жами 210 та техника ва 2000 дан ортиқ шахсий таркиб жалб қилинди. Шундан Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан 52 та техника, 721 нафар шахсий таркиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигидан 35 та техника, 105 нафар тиббиёт ходими, Ички ишлар вазирлигидан 91 та техника ва 1012 нафар ходим, Миллий гвардиядан 24 техника ва 509 нафар ходим, Мудофаа вазирлигидан 18 та техника, 1 та вертолёт ва 603 нафар шахсий таркиб, "Ўзбекистонтемирйўллари" АЖдан 1 дона ёнғин ўчириш поезди, Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бошқармасидан 3 та сув ташиш автомобили, Тошкент шаҳар электр таъминоти ва Ҳудудгаз корхонасидан 2 тадан техника ва 6 нафардан ишчи жалб этилган. Дастлабки ўрганиш ишларига кўра 15 минг кв.м омборхона майдонида ёнғин ўчирилиб, 30 минг кв.м майдони сақлаб қолинди.

Вазият тўлиқ назоратга олиниб, ҳозирда унинг оқибатларини бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Содир бўлган ёнғин юзасидан дастлабки терговга қадар суриштирув ишлари ва моддий зарар миқдорини аниқлаш ишлари Тошкент шаҳар Прокуратураси, Ички ишлар бош бошқармаси ва Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан ҳамкорликда олиб борилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1