Бугун ва эртага Ўзбекистон ҳудуди бўйича қуруқ ва илиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, ҳаво ҳарорати кечалари 10-15, кундуз кунлари 23-28 градус бўлади. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 5 октябр куни Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қуруқ ва илиқ об-ҳаво сақланиб туради, кундузи ҳарорат 25-30 градусгача бироз кўтарилади. Республиканинг шимолий ҳудудларига Каспий денгизи ҳудудидан нам ва салқин ҳаво массалари кириб келиши кутилмоқда, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин.
6 октябрда нам ва салқин ҳаво массаларининг кириб келиши Ўзбекистоннинг барча ҳудудини қамраб олади, баъзи жойларда ёмғир ёғади, айрим жойларда шамол тезлиги 13-18 м/с гача кучаяди. Ҳаво ҳарорати кечаси 10-15, кундузи 20-25 градус бўлади.
Тошкентда: ҳаво ўзгариб туради, асосан ёғингарчилик кутилмайди, фақат жума куни 6 октябрда ёмғир ёғиши мумкин. Шамол асосан шарқдан 3-8 м/с тезликда эсади, 6 октябрда 10-12 м/с гача кучаяди. Ҳарорат кечаси 12-15 градус, кундузи 24-27 градус, 5 октябрда 27-29градус бўлади, жума куни 6 октябрда ёмғир пайтида 21-23градусгача пасаяди.