Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгашининг вилоят маҳаллий бюджети қўшимча манбалари ҳисобидан маблағларни йўналтириш кўзда тутилган қарори қабул қилинди. 9 октябр куни қабул қилинган қарор билан 23 миллиард сўмдан ортиқ маблағ турли мақсадлар учун йўналтирилган.
Қарор иловасига кўра, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан “Энг ташаббускор сектор” номинациясида ғолиб бўлган Қарши шаҳар 1-сектор раҳбари, яъни шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоевни рағбатлантириш учун 56,2 миллион сўм маблағ ажратилган. Бунга Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 августдаги 536-сонли қарори асос қилиб олинган.
Маълумот учун айтиш жоизки, сентябр ўрталарида Қарши шаҳри ҳокими Нормўмин Холбоев ўзини рағбатлантириш учун 75 миллион сўм маблағ ажратиш ҳақида қарор чиқарганди.
Шундан сўнг, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимнома киритилган. Тақдимномага асосан, Қашқадарё вилоят ҳокимининг 2023 йил 19 сентябрь куни 414-4-0-Қ/23-сон қарори билан Қарши шаҳар ҳокимининг ушбу қарори бекор қилинган эди.






