Наманганда PUBG аккаунти сотиб олмоқчи бўлган йигит 17 миллионга чув тушди

ЖИНОЯТ 21.10.2023, 13:21
Наманганда PUBG аккаунти сотиб олмоқчи бўлган йигит 17 миллионга чув тушди

Наманган вилояти Норин туманида яшовчи 21 ёшли Т.И. ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан жами 17 млн 315 минг сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганлигини маълум қилган. Бу ҳақда Киберхавфсизлик маркази Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Самарқанд вилояти Самарқанд туманида яшовчи 21 ёшли А.И. содир этганлиги аниқланган.

Унга кўра, А.И., жабрланувчи Т.И. билан Telegram мессенжерининг “monstersavdo” номли канали орқали танишиб, унга гўёки кучайтирилган “PUBG” аккаунтини сотиши ҳақида айтиб уни алдаб, ўзининг фойдаланувида бўлган банк картасига олдиндан 17 млн 315 минг сўм миқдоридаги пул маблағларини ўтказдириб олган.

Шундан сўнг ўзаро келишмовчилик туфайли 12 млн сўм пулларини қайтарган, қолган қисмини қайтармасдан турли баҳоналар қилиб, ёзишмаларни ўчириб юбориб, пулларини ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, А.И.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “г” бандидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1