Бокс афсонаси Эвандер Холифилд Тошкентга келди. Бу ҳақда Ўзбекистон Профессионал бокс федерацияси матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, жорий йилнинг 12-17 ноябр кунлари Тошкент шаҳрида бутунжаҳон бокс уюшмасининг (WBC) 61-Конвенсияси бўлиб ўтади. Унда иштирок этиш мақсадида дунёнинг бир қатор кўзга кўринган спортчилари, блогерлар, боксчилар ва собиқ боксчилар Ўзбекистонга келмоқда.
Хусусан, 11 ноябр куни биринчи ҳамда супероғир вазн тоифаларида мутлақ собиқ жаҳон чемпиони Эвандер Холифилд Тошкент халқаро аэропортида кутиб олинди.
Шунингдек, енгил вазн тоифасида WBC чемпиони, WBA ва IBF камарлари соҳиби, мексикалик таниқли боксчи Хулио Сезар Чавес Тошкентга етиб келган.
Австралиялик собиқ жаҳон чемпиони Билли Диб эса ижтимоий тармоқдаги саҳифасида WBC ташкилотининг йиллик Конвенсиясида иштирок этиш учун Ўзбекистон томон йўлга отланганини маълум қилган.
Бундан ташқари, Тошкентга келиши кутилаётган украиналик супероғир вазн тоифасида WBA, WBO, IBF ва IBO йўналишларида амалдаги жаҳон чемпиони Александр Усик ҳам ўзбек тилида ўз саломини йўллади.