Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияда ишлаётган ўзбекистонликларни огоҳлантирмоқда. Бу ҳақда агентлик ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, сўнгги вақтларда Россияда ишлаётган юртдошларимиз орасида Интернетдаги эълонлар орқали катта пул эвазига маҳсулотни бир манзилдан иккинчи манзилга етказиб бериш бўйича муаммолар юзага келмоқда.
Мурожаатлардан маълум бўлмоқдаки, норасмий курерлик хизматларида наркотик ёки таъқиқланган моддалар солинган буюртмаларни етказиб бериш (закладка) таклиф қилинмоқда ва бунинг оқибатида полиция ходимлари томонидан улар ушланиб, жиноий жавобгарликка тортилмоқда.
Шу муносабат билан, юртдошларимиздан норасмий курерлик хизматларида ишламасликни, катта миқдордаги пул эвазига шубҳали буюмларни бир манзилдан иккинчи манзилга етказиб бермасликни ёки маҳсулотни албатта текширишни сўраймиз, дейилади хабарда.