"65 нафар боланинг ўлимига тизим айбдор" – Фармацевтика агентлигининг собиқ раҳбари

ЖАМИЯТ 21.11.2023, 10:25
"65 нафар боланинг ўлимига тизим айбдор" – Фармацевтика агентлигининг собиқ раҳбари

Кеча, 20 ноябрь куни “Док-1 Макс” иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда  “Док-1 Макс” экспертизаси билан шуғулланган олим кўрсатмалари тингланди ва асосий айбдорлардан бири сифатида судланаётган Фармацевтика агентлигининг собиқ раҳбари С.К. сўроқ қилинди. Бу ҳақда Darakchi.uz мухбири хабар берди.

Фармацевтика агентлигининг собиқ раҳбари жабрланувчилардан бирининг саволига жавоб берар экан, 65 нафар боланинг ўлимига судланувчиларнинг ҳеч бири айбдор эмаслиги, аксинча бунга тизим айбдорлигини айтди.  

Мен бу ерда ўтирган судланувчиларни ўша пайтдаги раҳбар сифатида айбдор деб ҳисобламайман. Ҳаммаси ўз ишини қилган. Яъни фармакопиядаги ходим ҳам халқаро стандарт асосида дорини тасдиқлаган. Бу 2012 йилда ҳам шу халқаро стандарт бўйича тасдиқланган. 2017 йилда ҳам худди шундай тасдиқланган. Йўқ, ҳозир сен ва шу ерда ўтирганлар айбдорсан дейилса, унда бу дорини 2012 йилда, 2017 йилда рўйхатдан ўтказганлар ҳам жавоб бериши керак бўлади. 2012 йилда бу дорини тасдиқлаган раҳбар ҳам, ходим ҳам бошқа бўлган. 2017 йилда ҳам худди шундай. Аммо улар ва биз битта халқаро стандарт бўйича дорини тасдиқлаганмиз, — деди бу ҳақда гапирган судланувчи.  

Ўзбекистонда йилига мингдан ортиқ дори воситалари давлат рўйхатидан ўтказилади. Шу сабаб мана бу дорини мана бу тартиб бўйича рўйхатдан ўтказасан, дея халқаро стандарт қабул қилинган. Фармакопиянинг халқаро стандартини бизникилар ҳам қабул қилишган. Лекин у ердаги хатони оладиган бўлсангиз, бошига, 90-йилларга қайтиб фармакопияни тасдиқлаган, Британияда ўтирган фан докторини бу ёққа олиб келиб қўйиб, нега сен ўша пайтда бундай хато қилгансан, дейишимиз керак бўлади, — деди судланувчи жабрланувчининг саволига жавоб берар экан.  

Собиқ раҳбарнинг сўзларига, у ва унинг жамоаси Ўзбекистон фармацевтикасида кўп янгиликлар қилишган.  

Эслатиб ўтамиз, аввалги суд мажлисида Фармасевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари, “Док-1 Макс” иши бўйича судланувчи мақомига эга бўлиб турган С.К. судда очиқдаги ҳамкасбига жиноят иши очилишини сўраган эди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1