Ўзбекистонда Болалар омбудсмани ҳуқуқ ва ваколатлари кенгайтирилмоқда

ЖАМИЯТ 23.11.2023, 13:29
Ўзбекистонда Болалар омбудсмани ҳуқуқ ва ваколатлари кенгайтирилмоқда

Айни вақтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишга тайёрланмоқда.

Мазкур қонун лойиҳасида Болалар омбудсмани фаолияти самарали ташкил этилишига хизмат қиладиган қоидалар ўз аксини топган.

Хусусан, парламент мажлисларида Болалар омбудсмани маърузаси ҳар йили эшитилиши кўзда тутилмоқда. Бу ваколат орқали Болалар омбудсмани бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида эътибор қаратилиши зарур бўлган долзарб муаммоларни парламент майдонига олиб чиқади ва уларнинг ечими бўйича таклифлар беради.

Болалар омбудсманига мансабдор шахсларга қонунчилик бузилишига йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантириш ва тақдимномалар киритиш ҳуқуқи берилмоқда. Бундай ҳуқуқ Болалар омбудсмани фаолияти таъсирчанлигини оширади. Хусусан, бу бола манфаатларини бузилишига йўл қўйган ҳар қандай мансабдорга тегишли чора кўрилишига эришиш имконини яратади.

Болалар омбудсманининг Олий Мажлис, Конститусиявий суд, Олий суд, Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида иштирок этиш ва масалалар киритиш ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда. Мазкур ҳуқуқ орқали Болалар омбудсмани парламентда, ижро органларида ва судларда бола ҳуқуқларини махсус ҳимоя қилади, мазкур органлар эътиборини айнан бола манфаати устунлигига қаратади.

Лойиҳага кўра суриштирув, тергов органлари ва суд вояга етмаганларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки жинсий эркинлигига қарши жиноятларга оид қабул қилган қарор, ҳукм (ажрим)лари тўғрисида Болалар омбудсманини ёзма равишда хабардор қилиши шарт. Бундай хабардорлик натижасида болаларга қарши жиноят фактлари яширилиши, бундай ишларнинг қонунга зид равишда тугатилиши, тергов қилинмаслиги ёки судда кўрилмаслиги олди олинади.

Шу билан бирга, қонун билан Болалар омбудсманига:

– вояга етмаган шахс иштирок этган жиноят иши ҳужжатлари билан танишиш ва улардан кўчирма нусхалар олиш;

–боланинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда тиклаш мақсадида суд жараёнларида иштирок этиш;

–ҳукм билан танишиб, бола манфаатидан келиб чиқиб, прокуратурага ҳукм устидан протест билдириш ҳақида мурожаат қилиш каби ҳуқуқлар берилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1